Ўзбекистон яшил энегетика стратегиясини ишлаб чиқишга киришди

Pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистон қазилма ёқилғисини жуда оз миқдорда истеъмол қилиш билан боғлиқ янгиланадиган ёки яшил энергетика дея аталадиган паст даражадаги углеродли энергетика миллий стратегиясини ишлаб чиқишга киришди. Стратегияни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда халқаро Corporate Solutions консалтинг компанияси билан биргаликда ишлаб чиқишга киришдилар, дея хабар беради World Nuclear News сайти.

Атмосферага карбонат ангидрид газларини чиқариш миқдорини камайтириш учун Ўзбекистон энергиянинг муқобил манбаларини ривожлантиришни, шу жумладан, Қуёш энергияси, гидроэнергетика ва шамол энергетикасидан фойдаланишни ривожлантиришни режалаштирмоқда. “Сифатли электр энергияси билан саноат кўламларида тўхтовсиз” таъминлаш учун Марказий Осиёда биринчи атом электр станциясини қуриш режалаштирилмоқда.

Стратегия май ойининг бошида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача электр энергияси билан таъминлаш Концепцияси қабул қилинган ҳужжатдан кейин келади, бироқ алоҳида ҳужжат саналади. Режада газ генераторларидан фойдаланиш ҳажмини кескин тарзда қисқартириш кўзда тутилган: ҳозирги 83 фоиздан 50 фоизгача. Шунингдек, ҳужжатда ядровий, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни мақсад қилиб қўйгилан (мос равишда 15%, 8%, ва 7%).

Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, энергиянинг қайта тикланувчи манбаларига ўтиш БМТ томонидан қабул қилинган иқлимнинг ўзгариши тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро энергетика бозорида ролининг ўсиб бориши муносабати билан амалга оширилмоқда. Вазирлик раҳбари Алишер Султановга кўра, бу “мамлакатни электр энергияси билан таъминлаш ва аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилашга шароит яратиб беради”.

Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, Corporate Solutions компанияси Германия, Япония ва Испания тажрибасига таянган ҳолда тузилган Ўзбекистон энергетика тизими моделини таклиф этди. Бу республикага ўзининг шахсий стратегиясини шакллантириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилиш имкониятини беради.

Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган режага кўра, 2030 йилда 30 ГВт қўшимча энергия манбаларининг ишга туширилиши режалаштирилаётган бўлиб, унинг 5 ГВт – қуёш, 3,8 ГВт – сув, 2,4 ГВт – шамол энергетикасига тўғри келади. Мавжуд электростанцияларни замонавийлаштириш ва реконструкцияси, самарали технологиялардан фойдаланувчи янги электр энергияси ишлаб чиқарувчи қувватларни қуриш, электр энергиясини ўлчаш тизимларини яхшилаш, шунингдек, қайта тикланувчи манбалар, биринчи навбатда қуёш энергетикасини ривожлантириш ишлари устивор қилиб белгиланган. Ушбу чоралар 2030 йилга келиб атмосферага чиқариб ташланаётган карбонат ангидрид газларинининг миқдорини (2010 йилдаги даражага нисбатан) 10 фоизга қисқартиришга имкон беради.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил май ойида муқобил энергия манбалари ишлаб чиқарувчилари ва истеъмолчиларига солиқ имтиёзларини тақдим этишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини имзолаган эди. Ўшанда Ўзбекистондаги фермер хўжаликлари қуёш электр станцияларини ўрната бошладилар. Жиззах вилоятидаги узумзор плантациясида чуқурликда ишлайдиган насосни электр энергияси билан таъминлаш учун ўрнатилган фотоэлектрик (қуёш) станцияси биринчилардан бўлиб қолди.

Ўзбекистонда 2030 йилга келиб 70 фоизга кўтарилиши кутилаётган электр энергиясининг истеъмол ҳажмини қоплаш учун республика расмийлари энергетика соҳасига 15 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб қилишни режалаштираётганлари ҳақида 2019 йилнинг июль ойида хабар берилган эди. Энергетика бўйича лойиҳалар давлат билан хусусий мулк эгалари ўртасидаги шериклик тамойили бўйича амалга оширилади ва бу ишда ҳамкорлик қилиш учун халқаро молиявий ташкилотларнинг молиявий маблағлари жалб этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ