Осиё тараққиёт банки шаҳар ва қишлоқлардаги чиқиндиларни бартараф этишга $60 млн маблағ ажратди

Ўзбекистонда чиқиндиларни саралаш станцияси . Gazeta.uz сайти фотосурати

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистондаги кичик шаҳар ва қишлоқлардаги маиший чиқиндиларни бартараф қилиш ишларини яхшилаш учун $60 млн маблағ ажратди. Бу ҳақда банк хабарида сўз юритилади.

Олинган кредит ахлатларни ташиш ва утилизация қилиш корхоналари учун ускуналар сотиб олишга йўналтирилади. Жумладан, уч юзта ахлат ташийдиган юк машиналари ва олти мингта ахлат контейнерлар сотиб олинади. Лойиҳада инновацион технологиялардан фойдаланиш, жумладан чиқиндилар ташиш йўналишларини GPS ёрдамида кузатиш, сервис марказларида қуёш панеллари ўрнатилишини кўзда тутилган.

«Лойиҳа ҳукуматнинг қаттиқ чиқиндиларни назорат қилишдаги норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашига, ахлатларни утилизация қилиш, уларни йиғиш қамровини кенгайтириш, экологияни яхшилаш ишларига кўмак бўлади. Мазкур лойиҳа доирасида ОТБ атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, иктисодий тараққиётни рағбатлантиришга ўз ҳиссасини қўшади», — дейилади хабарда.

Олиб борилажак ишлар республикадаги олти миллион аҳолига чиқиндиларни йиғиш имконини яратади. Авваллари одамлар бундай хизматдан фойдаланмаганлар, ёки бундай ёрдам керакли миқдор ва сифатда кўрсатилмаган, дея қўшимча қилади ОТБ.

Шунингдек, банк 2001 йили Коммунал хизмат вазирлиги тугатилганидан сўнг, чиқиндиларни йиғиш, таранспортда ташиш, утилизация қилиш ишлари маҳаллий ҳокимиятлар зиммасига юкланганини эслатади. Бироқ, бу ўринда муаммолар пайдо бўлган ва қаттиқ чиқиндилар билан боғлиқ ишлар таназзулликка йўлиққан. Лекин кейинги йиллар Ўзбекистон ҳукумати мазкур соҳада кенг қамровли ислоҳотларни олиб борганига урғу беради ОТБ.

2019 йил маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг 1995 йилдан аъзо бўлганидан бери Осиё тараққиёт банки республикага $7,5 миллиарддан ортиқ маблағ ажратган. Унинг катта қисми энергетика ($2 млрд), транспорт ($1,6 млрд) ва молия ($1,6 млрд) соҳаларига сарфланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ