Ўзбекистондаги ўнта давлат табиати ёдгорликларидан бирини йўқ қилиш бошланди

Ёзёвон чўлидан қум олиб чиқиб кетилмоқда . Livingasia.online сайти фотосурати

Фарғона водийсида жойлашган Ўзбекистондаги ўнта давлат табиат ёдгорликларидан бири бўлмиш Ёзёвон чўлидаги қумларни олиб чиқиш бошланди. “Ливень” онлайн-журнали маълумотига кўра, Марказий Осиёнинг ноёб экосистемасини йўқ қилиб юбориши мумкин бўлган ишлар Ўзбекистон Республикаси Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг рухсати билан “Ёзёвонмахсуссувқурилиш” корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлигига қарашли “Ёзёвонмахсуссувқурилиш” давлат унитар корхонасининг буюртмаси билан 2019 йил 24 июль куни давлат экология экспертизаси ўтказилган эди. Ҳужжат муаллифлари “тақдим этилган материалларга мувофиқ , кўриб чиқилаётган ҳудудда ва унга яқин жойларда Қизил китобга киритилган популяциялар (узоқ муддат муайян бир жойни эгаллаб яшайдиган ва бир қанча авлодлар оша аслидагидай тикланиб турадиган бир турга мансуб зот (организм)лар йиғиндиси. – таржимон изоҳи) ва ўсимликлар ҳамжамияти мавжуд эмас”, деган хулосага келишган. “Ҳайвонот олами антропоген шароитдаги ҳаётга мослаша олган турлари билан тақдим этилган”, — дейилади ҳужжатда.

Ёзёвондан саноат эҳтиёжлари учун уч йил муддат давомида оғир техника ёрдамида 30,88 минг куб метр қум олишга рухсатнома олинган. Давлат унитар корхонаси ўзининг ҳукуматга мурожаатида бу ишларни Ёзёвон сув омбори қурилиши бўйича ишларни якунига етказиш зарурати билан асослаган. Экологларнинг кўрсатишича, сув омбори қуриб битказилган ва сув билан тўлдириб қўйилган.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 2020 йил 10 апрель куни ҳукуматнинг сўровга жавоб бера туриб, Ёзёвон чўли табиатнинг палеонтологик ва геоморфологик ёдгорлиги саналишини, унда “табиатнинг қайта тикланмайдиган характеридаги экологик, илмий, маданий ва эстетик объектлари жамланганини” таъкидлаб ўтган. Шу билан бирга, дейилади ҳужжатда, агар Давлат экология қўмитаси эътироз билдирмаса, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ёзёвон қумларидан саноат эҳтиёжлари учун фойдаланишга қарши эмас.

Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг масъул ходими “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида” қонунининг 7-моддаси “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга алоҳида ҳолларда йўл қўйилади” дейилган бандига таяниб, 2020 йил 27 апрель куни “ўсимлик ва ҳайвонот оламига зарар етказмаслик” шарти билан “Марказий Фарғона” қумликларидан фойдаланишга рухсат берди.

Экологларнинг қайд этишларича, Биологик хилма-хиллик ва қўриқланадиган табиий ҳудудлар бош бошқармаси билан келишилмаган ҳолда ўтказилган экспертизада қум қазиб олиш ишлари Қизил китобга киритилган ноёб жониворлар истиқомат қиладиган давлат табиат ёдгорлиги ҳудудида олиб борилиши ҳақида сўз юритилмаган. Бу ерда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган ҳайвонлар, шунингдек, фақат бу ердаги қумларда учрайдиган ва дунёнинг бошқа жойларида топилмайдиган судралиб юрувчи рептилияларнинг учта ноёб эндемиклари – юмалоқбош Штрауха (1899 йилда кашф этилган), фарғона қум калтакесаги (1973) ва Рустамов сцинкли геккони (1979) яшайди.

“Ёзёвон” чўлига давлат табиат ёдгорлиги мақоми 1991 йилда тақдим этилган. Фарғона ўрмон хўжалиги таркибига 1995 йилда ўтказилган табиат ёдгорлигининг майдони 1820,40 гектарга тенг. Бу ердаги қумтепа – барханларнинг баландлиги 3 метрдан 18 метргача етади. Кварц зарраларининг таркибида темир ва хром қоришмалари учрамагани учун, барханлар ғайри табиий бўёқлар – занглаган ун рангидан тортиб кулранггача бўлган рангларда товланади. Бундан ташқари, Ёзёвон қумларида ноёб археологик топилмалар ҳам кашф этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ