Давлат экология қўмитаси Ёзёвон қумларининг қазиб олинишини тақиқлаб қўйди

Ёзёвон чўлидан қўм қазиб олиш ишлари. Livingasia.online сайти фотосурати

Ўзбекистон давлат экология қўмитаси “Ёзёвон қумлари” табиат ёдгорлигидан қум олишни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда давлат қўмитасининг раиси Шавкат Абдуразақовга таянган ҳолда “Газета.uz” журналисти Никита Макаренко ўзининг телеграм-каналида маълум қилди.

“Давлат экология қўмитаси ишчи гуруҳининг хулосасига кўра, қум карьерининг эксплуатация қилиниши Қизил китобга киритилган кўплаб ҳайвонот ва наботот турларининг йўқолишига ёки қисқаришига, шунингдек, ер ости сувларининг кўтарилиб кетишига олиб келади, — дейди журналист. – Мониторинг учун махсус гуруҳ тузилган. Ёдгорлик ҳудуди назорат остига олинган”.

Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси 12 май куни Ўзбекистон ҳукуматига тегишли хатини йўллади.

Қўмита, шунингдек, жамоатчилик эътиборини ушбу муаммога қаратгани учун фаоллар ва блогерларга миннатдорчилик билдирди.

Фарғона водийсида жойлашган Ўзбекистондаги ўнта давлат табиат ёдгорликларидан бири бўлмиш Ёзёвон чўлидаги қумларни олиб чиқиш бошлангани ҳақидаги хабар яқинда матбуотга чиқиб кетди. Хабар берилишича, қум қазиб чиқариш бўйича ишлар Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг рухсати билан “Ёзёвонмахсуссувқурилиш” корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Корхона буюртмаси билан амалга оширилган экспертиза кўриб чиқилаётган ҳудудда ва унга яқин жойларда Қизил китобга киритилган популяциялар (узоқ муддат муайян бир жойни эгаллаб яшайдиган ва бир қанча авлодлар оша аслидагидай тикланиб турадиган бир турга мансуб зот (организм)лар йиғиндиси. – таржимон изоҳи) ва ўсимликлар ҳамжамияти мавжуд эмас”, деган хулосани берган.

Ёзёвондан саноат эҳтиёжлари учун уч йил муддат давомида оғир техника ёрдамида 30,88 минг куб метр қум олишга рухсатнома олинган.

“Ёзёвон” чўлига давлат табиат ёдгорлиги мақоми 1991 йилда тақдим этилган. Фарғона ўрмон хўжалиги таркибига 1995 йилда ўтказилган табиат ёдгорлигининг майдони 1820,40 гектарга тенг. Бу ердаги қумтепа – барханларнинг баландлиги 3 метрдан 18 метргача етади. Бундан ташқари, Ёзёвон қумларида ноёб археологик топилмалар ҳам кашф этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ