Жанубий Корея компанияси Самарқанд вилоятида барпо этиладиган чиқиндиларни қайта ишлаш заводига $35 млн сармоя киритади

Ўзбекистондаги чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси. Nuz.uz сайти фотосурати

Жанубий Кореянинг Samdong ENT Co., Ltd. компанияси Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш кластерини барпо этишга $35 млн миқдорида сармоя киритишга тайёр. Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг 2020 -2022 йиллар инвестиция дастурига киритилган, деб хабар беради «Дунё».

Куни-кеча Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Самарқанд вилояти ва Жомбой тумани ҳокимликларининг корейс компанияси раҳбарияти билан видеоконференция режимидаги музокаралари бўлиб ўтди. Томонлар ахлатни қайта ишлаш корхонаси қурилишини тезлаштиришдан манфаатдор эканларини билдирдилар.

Samdong ENT Co., Ltd. компаниясининг президенти ҳозирда кореялик мутахассислар лойиҳанинг маҳаллий қонунчиликка уйғунлигини асослаш учун Экология ва табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ўрнатилган стандартларни ўрганаётганликларини айтди. У кластернинг самарали фаолият кўрсатиши учун чиқиндиларни йиғувчи махсус машиналар сотиб олинишини қўшимча қилди.

Бизнесмен коронавирус туфайли мамлакатларда ўрнатилган карантин бекор қилинганидан сўнг қурилиш жойини бориб қўришини айтди.

2016 йили Самарқанд вилоятида 20 гектарли полигонда кунига 80 тонна чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши айтилганди. Инвестициянинг умумий хажми 37 млн евродан ортиқ бўлиши, ундан 23,5 миллиони — Француз ривожланиш агентлигига, 8 миллиони — Марказий Осиё мамлакатлари инвестиция жамҳармасига ва 5,6 миллиони — Ўзбекистон ҳукумати бюджетига тегишли бўлиши таъкидланганди. 2018 йили «Самаркандский вестник» нашри полигон нотартиб ахлат уюмлари ва чўчқалар боқиладиган «маҳаллий шармандалик объекти»га айланганини ёзганди. Маҳаллий ҳокимият тез орада вазият ижобий томонга ўзгаришини ваъда қилди. Бироқ, Самарқанднинг бош режаси тақдимотида мулозимлар Хишровдаги мазкур полигон турар-жой массивларига яқин жойлашгани сабаб ёпилишини маълум қилдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ