Наманган шаҳар ҳокими экология қўмитасини бошқаради

Шавкатжон Абдураззоқов . Namangancity.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Сенати Шавкатжон Абдураззоқовни Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимига тасдиқлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Telegram-каналида хабар беради.

Шавкатжон Абдураззоқов Наманган туман ҳокими лавозимида ишлаган, 2017 йил февралида у Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимида фаолият юритган, 2017 йилнинг июлида Наманган шаҳрига ҳоким этиб тайинланган.

У президент томонидан фармон имзоланганидан кейин янги лавозимда ишлай бошлайди.

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига икки йилдан бери Баҳром Қўчқоров раислик қилиб келаётганди.Унинг ишдан кетиши сабаби номаълум.

«Янги раҳбар раислигидаги соҳада назорат кучайтирилиб, асоссиз равишда дарахтлар кесилмаслигига умид қиламиз», — деб ёзади депутат Кушербаев.

Ўзбекистон ҳудудларида яшил зоналарнинг тобора йўқ бўлиб бораётгани аҳолини ҳавотирга солади ва қўмитага бу борада жуда кўп шикоятлар ёзилган.

Одамлар ОАВ ва интернет тармоқлари орқали ҳукуматдан дарахтларнинг ёппасига кесиб ташлаш ҳолатлари олдини олишни сўрайди. Ваниҳоят, 2019 йили ҳукумат дарахтлар кесилишига қарши 13 ойлик мораторий эълон қилди.

2020 йил февраль сўнггида Тошкент прокуратураси шаҳарда 11 миллион тўп дарахт экиш акциясини бошлаб юборди ва ҳар куни бу борада амалга оширилган ишларни ёритиб борди. Лекин пойтахт аҳлидан маҳаллий мулозимларнинг одамларга ўз ҳисобидан дарахт экиши ва бу ҳақда фотоҳисобот беришига доир буйруқлар берилганидан шикоятлар янграй бошлади.

«Эко-шаҳар» акцияси ўтказилаётган Андижонда ҳам одамлар шу каби ҳолатга дуч келганлар. «Озодлик» радиосининг хабар беришича, Асака туманидаги корхона ва ташкилотларга ўз ҳисобидан 50 тупдан 500 тупгача кўчат экиш тўғрисида буйруқ берилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ