Тошкентда тиббиёт чиқиндилари учун махсус қутилар ўрнатилмоқда

@ecogovuz телеграм-канали фотосурати

Тошкентда тиббий ниқоб ва қўлқоплар утилизацияси учун махсус қутилар ўрнатилмоқда. Бунга сабаб коронавирус пандемияси сабаб тиббиёт чиқиндилари мисли кўрилмаган даражада кўп ҳосил бўлаётганидадир, деб хабар беради Давлат экология қўмитасининг матбуот хизмати.

Ҳозирга келиб пойтахтда 14 дона мана шундай махсус қутилар ўрнатилган. Уларнинг барчаси Миробод туманидаги ахлат йиғиш майдончаларида ўрнатилган.

Экология қўмитаси тиббиёт чиқиндиларини бошқа ахлатларга аралаштирмаган ҳолда утилизация қилиш лозимлигини уқтиради, зеро бундай усул инфекция касалликларини тарқалиши, сув ва ҳавонинг заҳарланиши олдини олади.

Мироншоҳ» ва «Раҳнамо» муқобил санитар тозалаш хусусий корхонаси hasher week лойиҳаси билан ҳамкорликда чиқинди йиғиш майдончаларига ишлатилган ниқоблар, резина қўлқоплар, турли хилдаги тиббий ҳимоя воситаларини ташлаш учун мўлжалланган замонавий чиқинди қутиларини ўрнатмоқда.

Коронавирус эпидемиясини олдини олиш мақсадида 16 мартдан Ўзбекистонда карантин жорий этилган. Шундан сўнг пойтахтда маиший чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича муаммолари пайдо бўлди. Шаҳарга кириш ва чиқиш чегаралангани сабаб, пойтахтнинг чекка ҳудудларидаги ахлатларни йиғиштириш ишларида қийинчиликлар пайдо бўлди.

Тошкент шаҳар маъмурияти маълумотларига кўра, шаҳарда 650 та ахлат йиғиш майдончалари мавжуд. Ахлатни ташиш билан 520 дона махсус техника ва икки мингта ишчи сафарбар қилинган. Пойтахтдан кунига 1,8-2 минг тонна чиқиндилар ташилади. Тошкентликларнинг ахлат уюмлари миқдори йилига 5-7 фоизга ортиб бормоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ