Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Тошкентда ўз ишини бошлаган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Асамблеясидаги нутқида жаҳон кун тартибидаги долзарб масалаларга тўхталиб ўтди. Давлат раҳбарининг табрик сўзи унинг матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Мирзиёев дунёда рўй бераётган ўзгаришлар Парламентлараро иттифоқ ва миллий парламентлар олдига янги вазифалар қўяётганини таъкидлади. Шу муносабат билан Президент тадбир иштирокчилари эътиборини қуйидаги жиҳатларга қаратди.
Биринчидан. Сайёранинг турли минтақаларидаги можаролар глобал ва минтақавий тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солмоқда.
Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистон ҳар қандай можаро ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори.
«Умид қиламизки, Украина атрофидаги вазият бўйича бошланган музокаралар жараёни ўзининг ижобий натижасини беради», — деди республика раҳбари.
Фаластин – Исроил низосининг ягона ва адолатли ечими «икки халқ учун – икки давлат» тамойилини рўёбга чиқаришдан иборатдир. Ўзбекистон раҳбарининг фикрича, қўшни Афғонистонни ҳам унутмаслик керак.
«Ушбу мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозим, деб ҳисоблаймиз», — деди президент.
Иккинчи. Давримизнинг ўткир муаммосига айланган, сайёрамиз тараққиётига жиддий тўсиқ бўлаётган иқлим ўзгаришлари доимо диққатимиз марказида бўлиши керак.
Мирзиёев бугун Париж келишуви бўйича мажбуриятларни тўлиқ бажариш ва углерод нейтраллигига эришиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини таъкидлади. У бу масалалар Самарқандда бўлиб ўтган халқаро иқлим форумида атрофлича муҳокама қилинганини эслатиб, илғор технологияларни қўллаб-қувватлаш, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш парламентлар олдидаги муҳим вазифага айланса, бу муаммолар муваффақиятли ҳал этилишига умид билдирди.
Учинчи. Хотин-қизлар ҳуқуқларини қатъий қарор топтириш ижтимоий тараққиётнинг асосий шартларидан биридир.
Таҳлилларга кўра, иқтисодиётнинг барча тармоқларида аёлларнинг эркаклар билан тенг иштироки таъминланса, жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 26 фоизга ўсади. Дунё миқёсида аёл депутатларнинг улуши 1995 йилдаги 11,3 фоиздан жорий йилга келиб 27,2 фоизга кўтарилгани албатта қувонарли ҳолдир.
Тўртинчи. Ёшларнинг парламент фаолияти билан бир қаторда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўлақонли иштирок этиши учун уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ўта долзарб масаладир.
«Парламентлар учун янги авлодни тарбиялаш, бу борада самарали халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш келажагимизнинг муҳим омилидир», — деди Мирзиёев.
Президент Парламентлараро иттифоқ доирасида Ёшлар парламентларининг Глобал платформасини яратиш ва унинг таъсис форумини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Бешинчи. Ҳар бир инсоннинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, халқаро стандарт ва меъёрлар асосида сифатли хизматлар кўрсатиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб масаладир.
Республика раҳбари Ўзбекистон ижтимоий давлат бўлиб, унинг сиёсатининг устувор йўналиши аҳолини ҳар томонлама ҳимоя қилишни таъминлашдан иборат экканини таъкидлади. Бу борада «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури амалга оширилмоқда. Охирги саккиз йилда 7 миллиондан зиёд аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, унинг даражаси 35 фоиздан 8,9 фоизга туширилди. Жорий йилда бу кўрсаткични 6 фоизга пасайтиришни мақсад қилганмиз, деди Мирзиёев.
Яна бир муҳим масала. Ҳозирги кунда барча жабҳаларга кенг кириб келаётган сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорликни кучайтиришни бугунги замоннинг ўзи биздан талаб этмоқда.
«Сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича модель қонун ишлаб чиқилса, ушбу инновацион ҳуқуқий асос дунё миқёсида тез ривожланаётган ушбу соҳани самарали тартибга солишда барча давлатлар учун ўзига хос намуна бўлар эди», — деди Ўзбекистон Президенти.
Якунда давлат раҳбари Ассамблея доирасида бўлиб ўтадиган 70 га яқин турли тадбир ва мунозаралар давомида миллий парламентлар вакиллари ўзаро фикр алмашиши, улар томонидан қабул қилинган қарорлар парламентлараро ҳамкорлик тарихида янги саҳифа очишига ишонч билдирди.
ℹ️ 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий бирлашмаларни бирлаштирган Парламентлараро иттифоқ Ассамблеяси Марказий Осиёда илк бор ўтказилмоқда. 2025 йилги тадбир Тошкентда ўтказиладиган бўлди. Форумда 140 мамлакатдан 2000 дан ортиқ киши иштирок этмоқда. Тадбир шиори – «Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати».