Тошкент вилоятининг Пскент ва Бўка туманларида жойлашган бир нечта боғча тарбияланувчилари оммавий заҳарланиш оқибатида шифохоналарга етказилди. Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, воқеа 24 сентябрь куни содир бўлган.
Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга «Ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфекцияси» ташхиси қўйилиб, зарурий муолажалар амалга оширилган ҳамда шу куннинг ўзида аксарият болаларнинг соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб бериб юборилган. Оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаган.
Бироқ, вазирлик қанча бола касалхонага ётқизилгани ва заҳарланганларнинг қанчаси ҳамон шифокорлар кузатувида эканига аниқлик киритмаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, мактабгача ёшдаги болалар саломатлигининг ёмонлашишига сифатсиз сут маҳсулотлари истеъмоли сабаб бўлган. Хусусан, гап Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги заводда ишлаб чиқарилган ёғлилиги 3,2 фоиз бўлган кефир ҳақида кетмоқда.
Тиббий ёрдамга мурожаат қилган беморлардан олинган таҳлиллар ҳамда истеъмол қилинган озиқ-овқатлар намуналари тегишли лабораторияларда текширувдан ўтказиляпти. Қайд этилган ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом этяпти.
Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги воқеа юзасидан кейинроқ батафсил маълумот беришга ваъда бериб, вазиятни қаттиқ назорат остига олган.
Бу Ўзбекистонда болалар боғчаларида содир бўлган оммавий заҳарланишнинг биринчи ҳодисаси эмас. Қолаверса, Тошкент вилоятидаги муассасаларда бундай ҳолатлар тез-тез қайд этилади. Масалан, 2018 йили Бекобод шаҳрида 60 га яқин бола касалхонага ётқизилган, шифокорлар уларга овқатдан заҳарланиш ташхисини қўйишган. 2019 йили Бекобод яна «ўзини кўрсатган». Бу гал маҳаллий мактабгача таълим муассасасининг 15 нафар боласи жабрланган.
2023 йили худди шундай воқеа Ангрен шаҳрида содир бўлиб, 24 нафар бола заҳарланган эди. Бу болалар бир нечта шаҳар боғчаларига қатнаган.