«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановни Англия терма жамоасининг собиқ футболчиси Кайл Уокер билан тенглаштирди. Бу ҳақда мураббий «Хаддерсфилд»га қарши Карабао кубоги ўйини олдидан ўтказилган матбуот анжуманида малум қилди.
Гвардиоланинг сўзларига кўра, Ҳусанов жуда кучли ва «Манчестер Сити» ҳимоясининг чап қанотидан ташқари исталган жойида ўйнай олади.
«Абдуқодир ҳужумда унчалик кўп яратмайди, бироқ у Кайл [Уокер] каби ақл бовар қилмайдиган, мустаҳкам, барқарор ва жисмоний ўйин услубига эга. Ҳусанов ақл бовар қилмайдиган даражада концентрацияли ва ҳали жуда ёш. У ўрганишни хоҳлайди. Биз дуч келган кучли рақибга қарши жуда яхши ўйнайди. Ўйлайманки, бу йигит узоқ йиллар давомида клубимизнинг эришган энг яхши футболчиси бўлиб қолади. У бизнинг клубда узоқ йиллар ўз карьераси юксалтиради», — деди мураббий.
Гвардиола, шунингдек, Ҳусанов АПЛ доирасидаги «Арсенал»га (1:1) қарши ўйинда олган жароҳати туфайли кейинги учта ўйинни ўтказиб юборишини таъкидлади. Ушбу ўйингача ўзбекистонлик ҳимоячи «шаҳарликлар» сафида «Наполи» (2:0) ва «Манчестер Юнайтед» (3:0)га қарши иккита тўлиқ ўйин ўтказди.
ℹ️ Абдуқодир Ҳусанов — Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. 2022 йили у Беларуснинг «Энергетик-БГУ» жамоасига ўтган. Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Осиё кубоги ва жаҳон чемпионатидаги муваффақиятли иштирокидан сўнг унга Франциянинг «Ланс» клуби қизиқиб қолган. 2023 йили у Лига 1 га ўтган. 2024 йилнинг кузидан бошлаб у клубнинг асосий ҳимоячиси ҳисобланган. 2025 йил январида у бонуслар билан бирга 50 миллион евро эвазига «Манчестер Сити»га ўтди ва бу Марказий Осиё футболи тарихидаги энг қиммат трансферга айланди.
ℹ️ Кайл Уокер — 35 ёшли ўнг қанот ҳимоячиси. Илгари «Манчестер Сити»да у кўп йиллар давомида клубнинг асосий ўйинчиси бўлган ва кўплаб совринларни қўлга киритган. 2025 йили у «Бёрнли»га ўтди. У Англия терма жамоасида 80 марта майдонга тушган. Уокер ўзининг тезкорлиги ва кўп қирралилиги билан ажралиб туради.