Замонларни енгиб ўтиб

Тошкентда Ўрол Тансиқбоев таваллудининг 120 йиллигига бағишланган кўргазма очилди
Ўрол Тансиқбоев. «Олой водийси». 1972. Холст, бўёқ. Ўрол Тансиқбоев уй-музейи, Тошкент

3 сентябрь куни Тошкентдаги Тасвирий санъат галереясида (НБУ) «Ўрол Тансиқбоев. Таваллудининг 120 йиллигига бағишланади» кўргазмаси очилди. Бу 2025 йил мартидан июнигача илк бор Олмаота шаҳрида тақдим этилган ретроспектив лойиҳанинг давоми. Тошкентдаги кўргазмада ўзбек рангтасвирининг асосчиларидан бирининг 124 та рангтасвир ва графикаси намойиш этилган.

Ўрол Тансиқбоев. «Чойхонада». 1928. Холст, бўёқ. Ўрол Тансиқбоев уй-музейи, Тошкент

Кўргазмадан Ўрол Тансиқбоевнинг тўртта музей: И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Тошкентдаги Урал Тансиқбоев уй-музейи ва Абилхон Кастеев номидаги Қозоғистон давлат санъат музейи коллекцияларидан жой олган асарлари ўрин олган. Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, жамоатчилик картиналарнинг салмоқли қисмини биринчи марта кўради.

Ўрол Тансиқбоев. «Алвон куз». 1931. Холст, бўёқ. И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Нукус

Кўргазма Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилди, куратори Третяков галереясининг собиқ бош директори Зельфира Трегулова, ташкилий қўмитага Ўзбекистон Президенти маъмурияти раҳбари Саида Мирзиёева раҳбарлик қилди. Ҳамкорлар — Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги, Қозоғистон Миллий санъат музейи ва «Tenge Bank».

Кўргазманинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш фонди раиси Гаяне Умерова, Зельфира Трегулова, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамқулов, икки мамлакат маданият ва санъат намояндалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўрол Тансиқбоев. «Олма терими». 1933. Холст, бўёқ. И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Нукус

ℹ️ Ўрол Тансиқбоев 1904 йил 1 январда Россия империясининг Туркистон генерал-губернаторлигининг ўша пайтдаги пойтахти Тошкент шаҳрида туғилган. Етти йиллик мактабни тугатгач, у вино заводида ишлаган. Йигирма ёшида у расм чиза бошлаган. 1923-1927 йиллари Тошкент санъат музейи қошидаги Н. В. Розанов студиясида таҳсил олган. 1928-1929 йиллари у И. С. Горюшкин-Сорокопудов қўл остидаги Пенза рассомлик билим юртида ўқишни давом эттиради. 1929 йилдан бошлаб у бадиий кўргазмаларда қатнаша бошлайди. Биринчи ўзбек дастгоҳ рассоми. 1929 йилда у биринчи марта Москва музейларига ташриф буюради.

Ўрол Тансиқбоев. «Автопортрет». 1939. Қоғоз, қалам. Ўрол Тансиқбоев уй-музейи, Тошкент

Санъатшунос олимларнинг фикрича, Ўрол Тансиқбоев ижодининг илк даврига француз постимпрессионизми ва рус авангардининг таъсири катта бўлган. Кейинчалик рассом ҳақиқий расм услуби фойдасига томон онгли равишда қадам ташлаган. Аммо асл кайфият ва мавзуларни танлаш унинг индивидуал услубида абадий сақланиб қолган. 1934 йилда Москва ва Филадельфияда (АҚШ) бўлиб ўтган Ўзбекистон ССР санъат асарлари кўргазмаларидан сўнг санъатшунослар уни «ўзбек рангтасвирларининг етакчиси» дея атай бошлаганлар.

1950 йиллар бошидан Ўрол Тансиқбоев ижодидаги асосий жанр пейзажлар бўлган, у буларни ўзича чуқур тушунган. Рассом асарларида манзара ва одамларнинг ниҳоятда аниқ тасвири умуминсонийлик, архетип даражасига юксалиш, фалсафий макон ва замон чегараларини енгиш билан уйғунлашган.

1956-1959 йиллари Тансиқбоев Ўзбекистон ССР Рассомлар уюшмаси раиси бўлган. Рассом 1974 йил 8- прелда Нукусда вафот этган, Тошкентдаги Чиғатой қабристонига дафн этилган. 1982 йили ҳозирги Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманига қарашли Черданцев массивида Ўрол Тансиқбоевнинг мемориал уй-музейи очилган.

Ўрол Тансиқбоев. «Чирчиқ водийси». 1946. Холст, бўёқ. Ўрол Тансиқбоев уй-музейи, Тошкент

Тасвирий санъат галереясидаги бу галги кўргазма томошабинларга келгуси бир неча ўн йилликларда Ўзбекистонда рангтасвир ривожининг асосий йўналишларини белгилаб берган рассом ижодий йўлининг асосий босқичлари билан батафсил танишиш имконини беради. Унинг таъсирини бугунги кунгача кўплаб ўзбек рассомлари ижодида кузатиш ва эътироф этиш мумкин — нафақат Ўрол Тансиқбоевнинг кучли истеъдоди, балки миллий рассомлик мактаби учун шубҳасиз асос бўлиб келган монолит эстетик позицияси туфайли.

Ўрол Тансиқбоев. «Кўча». 1935. Холст, бўёқ. И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи, Нукус

«Тансиқбоев мен доимо содиқ қолган ҳақиқатни тасдиқлайди – ҳақиқий рассом энг оғир вазиятда ҳам ўзига буюрилган иш билан шуғулланиш имкониятини топади», – дейди кўргазманинг очилиш маросимида куратор Зельфира Трегулова.

Ўрол Тансиқбоев. «Тушги танаффус». 1948. Холст, бўёқ. Ўзбекистон давлат санъат музейи, Тошкент

Кўргазмага ташриф буюргач, кундалик ҳаётда ўз даврининг ҳақиқий фарзанди бўлган Ўрол Тақсинбоевнинг рассом сифатида ҳеч қачон «авангардист», «академик», «социал реалист» ва ҳоказо бўлмаганига ўзингиз гувоҳ бўласиз. У қалби ва нигоҳи билан ҳамиша ўз она юртининг абадий табиатига шўнғиган, интеллектуал жиҳатдан эса умуминсоний тамаддун ва маданият билан боғлиқ бўлган. Шу боис унинг юбилей кўргазмаси, шубҳасиз, халқаро аҳамиятга молик маданий воқеадир.

Ўрол Тансиқбоев. «Меҳмонда». 1944. Холст, бўёқ. Ўрол Тансиқбоев уй-музейи, Тошкент

«Ўрол Тансиқбоев. Таваллудининг 120 йиллигига бағишланади» кўргазмаси 20 ноябргача давом этади. Ишлаш вақти — 10:00 дан 18:00 гача. Кириш бепул.