Тошкент вилояти ИИБ терговчилари кеча содир бўлган вилоятдаги бир нечта боғчада болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳолати юзасидан жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда Ўзбекистон болалар омбудсмани Сураё Раҳмонова ўзининг расмий Telegram-каналида хабар берди.
Олий Мажлиснинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакилининг тушунтиришича, мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Республика Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми («Санитария қонунчилигини ёки эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузиш») билан иш қўзғатилган.
Илгари хабар қилинган ҳодисалар Пскент ва Букин туманидаги мактабгача таълим муассасаларида содир бўлган бўлса, Раҳмонова хабарида учинчи туман – Қуйичирчиқ ҳам тилга олинган.
Тегишли вазирлик баёнотида бўлгани каби, болалар омбудсмани ҳам жабрланганлар сонига аниқлик киритмаган. Унинг қўшимча қилишича, шифохоналарга мурожаат қилган кўплаб болалар иситма, кўнгил айниши ва диареядан шикоят қилишган.
Раҳмонованинг сўзларига кўра, болалар боғчалари ошхоналари ва овқатланиш жойлари мутахассислар томонидан текширилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари таҳлил учун лабораторияларга юборилмоқда.
«Болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ ҳар қандай вазият мутасадди идораларнинг алоҳида назоратида ўрганилади», — деди омбудсман.
Бундан олдин, 24 сентябрь куни Тошкент вилоятидаги бир нечта боғча тарбияланувчилари шифохоналарга етказилгани ҳақида хабар берилган эди. Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга «Ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфекцияси» ташхиси қўйилиб, зарурий муолажалар амалга оширилган ҳамда шу куннинг ўзида аксарият болаларнинг соғлиғи яхшилангани туфайли уйларига жавоб бериб юборилган. Оғир аҳволдаги беморлар аниқланмаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, болалар саломатлигининг ёмонлашишига сифатсиз сут маҳсулотлари, хусусан, ёғлилиги 3,2 фоиз бўлган кефир сабаб бўлган.