Миср 1 ноябрдан Ўзбекистон фуқаролари учун мамлакатга кириш қоидаларини қатъийлаштиради

wprost.pl сайти фотосурати

1 ноябрдан Ўзбекистон фуқаролари учун Мисрга киришнинг янгиланган тартиби жорий этилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси маълум қилди.

Аввал Ўзбекистон фуқароларининг Мисрга кириш шартлари мамлакатга қайси ҳудуд орқали киришига қараб фарқ қилар эди. Синай яриморолидаги курортлар, биринчи навбатда, Шарм аш-Шайхга чартер рейслар орқали келган сайёҳлар учун 14 кечагача визасиз режим амал қилган. Бу тартиб Мисрнинг бошқа ҳудудларига татбиқ этилмаган: Қоҳира, Хургада ёки Луксорга бориш учун Тошкентдаги Миср элчихонасида олдиндан виза расмийлаштириш талаб этилган.

Янги қоидаларга кўра, энди Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, Синай яриморолига кириш учун ҳам сафар бошланишидан олдин Мисрнинг дипломатик ваколатхоналари орқали кириш визасини расмийлаштиришлари керак бўлади. Бунда сайёҳлик сафарлари фақат ваколатли туроператорлар орқали ташкил этилади.

40 ёшгача бўлган сайёҳлар Мисрга фақат яқин оила аъзолари (ота-она, эр-хотин ёки фарзандлари) ҳамроҳлигида сафар қилиши мумкин. Бунда оила тасарруфида сафар давомида камида 5000 АҚШ доллари миқдорида нақд маблағ мавжуд бўлиши талаб этилади. 40 ёшдан юқори бўлган мустақил саёҳат қилувчилар камида 3000 АҚШ доллари миқдорида нақд молиявий маблағга эга бўлишлари лозим.

Мисрга киришда меҳмонхона брон қилинганини тасдиқловчи ҳужжат, мобил алоқа маълумотлари ва етарли молиявий маблағ мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилиши керак.

Миср ҳудудида бўлиш вақтида туристик визани бошқа турдаги визага алмаштириш тўғрисидаги аризалар қабул қилинмайди.

Барча зарур ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган шахсларни мамлакатга киритиш рад этилиши ва улар келган авиакомпания рейси билан ортга қайтарилиши мумкин.

Қайд этиш жоиз, 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати Мисрни фуқаролари республикага 30 кунгача визасиз кириши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига киритган эди.

2026 йил 15 сентябрдан Таиланд ҳукумати ҳам 2024 йил июль ойидан буён Ўзбекистон фуқаролари учун амал қилиб келаётган визасиз кириш тартибини бекор қилди. Энди ушбу мамлакатга сафар қилиш учун thaievisa.go.th расмий портали орқали электрон визани олдиндан расмийлаштириш талаб этилади. Бунда тўловни АҚШ долларида нақд пул билан, шахсан Таиланд элчихонасида амалга ошириш керак. Ўзбекистонга энг яқин Таиланд элчихонаси Москва шаҳрида жойлашган.

Миср ва Таиланд Ўзбекистонлик сайёҳлар орасида энг оммабоп ўнта сайёҳлик йўналиши қаторига мунтазам равишда кириб келган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ