Тожикистон Марказий Осиё республикаси Халқаро жиноий суд (ХЖС) таркибидан чиқаётгани тўғрисида Бирлашган Миллатлар Ташкилотини расман огоҳлантирди. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерришга таянган ҳолда ТАСС хабар берди.
Аниқлик киритилишича, Душанбедан юборилган ҳужжат БМТ томонидан 20 ноябрь куни қабул қилиб олинган. Амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, қарор бир йилдан кейин, яъни 2027 йил 20 ноябрда кучга киради.
Тожикистон ХЖСнинг Рим статутини 1998 йилда имзолаган ва 2000 йилда ратификация қилган эди. Жорий йилнинг сентябрь ойида республика парламенти қуйи палатасига мазкур халқаро ташкилот сафидан чиқиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди, 1 октябрь куни эса депутатлар тегишли қарорни маъқулладилар.
2024 йилгача Тожикистон МДҲ давлатлари орасида Халқаро жиноий судга аъзо ягона мамлакат эди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг март ойида ХЖС Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган эди. Шундан сўнг сиёсатчи ҳеч қандай чекловларга учрамай, бир неча бор Душанбега расмий ташриф билан келди. Масалан, РФ раҳбари яқинда — 19-20 ноябрь кунлари ушбу Марказий Осиё республикасида меҳмон бўлди. Шу боис Европа Иттифоқи вакиллари Тожикистон ХЖС статути бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганидан афсусда эканликларини билдирдилар.
Европа ташқи ҳаракатлар хизматининг бу борадаги расмий баёнотида Рим статути доирасига кирувчи ҳамда бутун дунё тинчлиги, хавфсизлиги ва фаровонлигига таҳдид солувчи жиноятлар жазосиз қолмаслиги лозимлиги таъкидланган эди.
Шу билан бирга, Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмоннинг номи ҳам Халқаро жиноий суд ҳужжатларида учрайди. 2025 йилнинг апрель ойида учта нодавлат ташкилот: Тожикистон ислом уйғониш партияси, «Украина байналмилал волонтёрлари жамғармаси» ва «Евроосиё учун эркинлик» унга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Аризачилар Раҳмонни инсониятга қарши жиноятларда айблашган. Хусусан, ноқонуний ҳибсга олиш, қийноқлар, жинсий зўравонлик, одам ўғирлаш, қотиллик ва бошқа жиноятлар хусусида сўз борган. Мурожаат муаллифлари ХЖСни Тожикистон ҳукумати, жумладан мамлакат президентига нисбатан тергов ҳаракатларини бошлашга ва уларни жавобгарликка тортишга чақирган эди.
Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда бир нечта йирик давлат ХЖС ишида қатнашишдан бош тортди, хусусан, Россия, АҚШ ва Хитой шундай ҳуқуқдан фойдаланди. Айтиш жоизки, мазкур халқаро тузилма БМТ таркибига кирмайди ва Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга ҳисобдордир. Ҳозирда ушбу рўйхатдан 120 дан ортиқ давлат ўрин олган. Қозоғистон ва Туркманистон суд ишида иштирок этмайди, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса қўшилиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолаган, аммо ратификация қилмаган.



