Ўзбекистонлик генерал давлат сирларини ошкор қилиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб, 15 йилга қамалди

Ўзбекистон Ҳарбий суди. Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати фотоси

Ўзбекистон Электрон технологияларни ривожлантириш марказини (ЭТРМ) бошқарган генерал-майор Омониллохон (Омонуллохон) Ҳожиакбаров давлат сирларини ошкор қилиш ҳамда мансаб ваколати доирасидан четга чиқишда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда ўз манбаларига таянган ҳолда Kun.uz хабар бермоқда.

Жиноят ишини республика Ҳарбий суди кўриб чиққан, аммо ҳукм айнан қачон эълон қилинганига аниқлик киритилмаган.

Ҳожиакбаровга нисбатан икки модда бўйича айблов қўйилган. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 162-моддаси 1-қисми («Давлат сирларини ошкор қилиш») шахснинг касбий фаолияти туфайли ўзига маълум бўлган ҳарбий ёки хизмат сирларини ташкил этувчи маълумотларни бошқа бировга ошкор қилишини назарда тутади. Бунда жиноят таркибида давлатга хиёнат қилиш аломатлари мавжуд бўлмайди. Ушбу моддага мувофиқ, энг оғир жазо сифатида беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган.

Бундан ташқари, генерал ЖКнинг 301-моддаси («Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги») 3-қисми «а» банди бўйича жиноят содир этганликда айбланган. Бу ўринда ҳарбий хизматчиларга ёки бошқа фуқароларга зарар етказилишига сабаб бўлган ваколат доирасидан четга чиқиш ҳақида сўз бормоқда. Қолаверса, зобит одам ўлимига сабаб бўлган ҳаракатлар учун судланган бўлиб, бунинг учун ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Ишнинг тафсилотлари очиқланмаган: на давлат сирларини ошкор қилиш, на мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича маълумот берилган.

Электрон технологияларни ривожлантириш маркази — алоҳида махфийлик тартибига эга ихтисослаштирилган давлат муассасаси ҳисобланади. Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида ЭТРМ кўпинча Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) билан бир қаторда тилга олинади. Марказнинг функция ва вазифалари тўғрисида очиқ манбаларда батафсил маълумотлар мавжуд эмас, бироқ қонунчиликка кўра, идора фаолияти давлат ва ҳарбий соҳаларда ахборот хавфсизлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ