Толиблар сақлаб қолишга ваъда бераётган сарой

Оға Хон жамғармаси Кобулдаги қадимий Боло-Ҳисор қалъасини археология паркига айлантирмоқда

Кўҳна Кобулнинг жанубий чеккасида жойлашган, урушлар ва қаровсизлик оқибатида кўп йиллар давомида вайронага юз тутган қадимий Боло-Ҳисор қалъасида кенг кўламли реставрация ишлари олиб борилмоқда. Археологлар бу ерда мамлакатнинг икки минг йилдан зиёд тарихидан далолат берувчи ашёларни топмоқда, деб ёзади Associated Press агентлиги. Ушбу ҳудудда Оға Хон маданият жамғармаси (AKTC) кўп йиллардан буён археологик қазишмалар олиб бормоқда. Жамғарма қалъани боғлар, ресторанлар ва музейни ўз ичига олган оммавий археологик паркка айлантиришни режалаштирган.

Афғонистоннинг Кобул шаҳридаги Боло-Ҳисор қалъаси, 2023 йил 9 ноябрь. Фотосурат Оға Хон маданият жамғармаси томонидан AP орқали тақдим этилган.

Қазишмалар кутилганидан ҳам кўпроқ натижа бермоқда. Нашр сўзларини келтирган археолог Бобак Рафиэй-Алавийнинг таъкидлашича, бу океан тубидан юзага қалқиб чиқаётган сувости кемасига ўхшайди. Бешта траншеядан қадимий тангалар, буддавийлик ҳайкалларининг бўлаклари, сирланган исломий сопол буюмлар, мойчироқлар, кўплаб сопол парчалари, шунингдек, саройлар, ибодатхоналар ва турар жой қолдиқлари топилди.

Боло-Ҳисорнинг аҳамияти унинг географик жойлашуви билан белгиланади. «Баланд истеҳком» (бу ном дарий тилидан шундай таржима қилинади) Кўҳи Шер Дарвоза тизмаси тармоғида жойлашган бўлиб, Кобулга олиб борувчи йўлларни назорат қилган. У Ҳиндистон ярим оролини Марказий Осиё билан боғлайдиган савдо йўлида қад ростлаган эди. Aga Khan Cultural Services лойиҳаси менежери Мустафо Нурий қалъани бу каби манзилгоҳлардан иборат «марварид шодаси»нинг бир қисми деб атади. Турли даврларда бу ерда қалъа, сарой мажмуаси, қурол-яроғ омбори, маъмурий марказ, зиндон ва гарнизон жойлашган. Нурийнинг сўзларига кўра, ким Боло-Ҳисорга эгалик қилган бўлса, Кобул ва бутун минтақани ҳам ўша назорат қилган.

Ишчилар Афғонистоннинг Кобул шаҳридаги тарихий Боло-Ҳисор қалъасида реставрация ишларини олиб бормоқда, пайшанба, 2026 йил 8 октябрь. (AP фотоси/Сиддиқуллоҳ Ализай).

Қалъа милоддан аввалги I асрдан бошлаб турли даврларда, жумладан, Бобурийлар салтанати, инглиз-афғон урушлари, совет босқини ҳамда фуқаролар урушидан то АҚШ бошчилигидаги коалиция давригача ўз мудофаа аҳамиятини сақлаб келган. Қуйи ҳудуднинг бир қисмидан ҳозир ҳам афғон ҳарбийлари фойдаланмоқда.

Реставрация жараёнидаги тарихий Боло-Ҳисор қалъасининг тепаликли маҳалла манзарасидаги кўриниши, Кобул, Афғонистон, пайшанба, 2026 йил 8 октябрь. (AP Photo/Siddiqullah Alizai).

Унга энг оғир зарба 1879 йилда Британия элчиси сэр Луи Каваньяри ва унинг мулозимлари ўлдирилганидан кейин берилган: инглиз қўшинлари ўч олиш мақсадида мажмуанинг катта қисмини вайрон қилган. Яқин ўтмишдаги можароларнинг излари ҳозир ҳам кўзга ташланади. Деворларнинг бир қисми қулаб тушган, қияликда советларнинг занглаган танклари турибди, тепалик этагида мажақланган совет ҳарбий техникаси уюлиб ётибди. Уларнинг ёнида эса 2021 йилда АҚШ қўшинлари олиб чиқилгач ташлаб кетилган ва афғон армияси ихтиёрига ўтган йирик калибрли қуроллар тартиб билан териб қўйилган. 2008 йилда америкалик ҳарбийлар девор ичидаги ҳудуднинг бир қисмини текислаб ташлаган ва Рафиэй-Алавийнинг сўзларига кўра, «кўплаб археологик қатламларни йўқ қилган».

Қалъа ҳудудидаги мажақланган ҳарбий техника. AP фотоси.

AKTC лойиҳасини режалаштириш 2017 йилда бошланган бўлиб, амалий ишлар кейинги йили йўлга қўйилди. Дастлаб қалъа георадар ва 3D лазерли сканерлаш орқали текширилди, сўнгра қулашнинг олдини олиш учун шошилинч мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилди. Қазишмаларга аввалига Афғонистондаги Франция археология миссияси қўшилган эди, бироқ 2021 йилда толиблар ҳокимият тепасига келгач, унинг фаолияти тўхтатилди ва французлар қайтиб келмади. Оға Хон жамғармаси эса ишни давом эттирди ва Нурийнинг сўзларига кўра, 2022 йилдан буён энг йирик кўламли ишларни олиб бормоқда. Деворлар маҳаллий тошлардан тикланмоқда, халқаро реставрация талабларига мувофиқ эса асл қисмлардан ажралиб туриши учун янги бўлаклар қасддан бироз бўртиб ёки ичкарига ботиб турадиган қилиб ишланмоқда. Ёрилиб, қулаш хавфи остида қолган ташқи миноралардан бири металл конструкциялар билан маҳкамланди. Лойиҳа афғонистонлик талаба-археологларни тайёрлаш дастурини ҳам ўз ичига олади. Нурий буни ўнлаб йилларга мўлжалланган бурч деб атайди, чунки бу майдон консервациядан ташқари, археологик жиҳатдан ҳам бениҳоя бойдир.

Тарихий Боло-Ҳисор қалъаси мажмуасидан топилган сопол ва бошқа осори-атиқалар Кобулдаги объектда олиб борилаётган реставрация ишлари чоғида патнисларга териб қўйилган, Афғонистон, пайшанба, 2026 йил 8 октябрь. (AP фотоси/Сиддиқуллоҳ Ализай)

Афғонистон ҳукумати маданий меросни сақлашга тайёр эканини билдирмоқда. Бу ёндашув толибларнинг 1996–2001 йиллардаги биринчи бошқаруви давридан кескин фарқ қилади. Ўша пайтда улар Бомиёндаги VI асрга оид икки улкан Будда ҳайкалини портлатиб юборган ҳамда Кобулдаги Миллий музейни тор-мор этиб, исломга зид деб ҳисобланган қадимий ашёларни, энг аввало ҳайкалларни йўқ қилган эди.

Бугунги кунда Ахборот ва маданият вазирлиги вакили Хубайб Ғуфрон ҳукумат қадимий ёдгорликларнинг аҳамиятини тан олишини ҳамда уларни билим ва ибрат манбаи деб билишини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, ўтмиш ва ҳозирги цивилизациялар меросини келажак авлодларга етказиш учун вайронага айланиш хавфи остида турган объектларни, жумладан Боло-Ҳисорни таъмирлаш устувор вазифа ҳисобланади.

Ишчилар археологик осори-атиқаларни ювмоқда. AP фотоси.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ