Қозоғистонда собиқ коррупционер ҳокимнинг касаллик сабабли озод этилиши бекор қилинди

Карим Кўкрекбаев. azh.kz сайтидан олинган сурат

Олмаота вилояти суди «Қазселҳимоя»нинг собиқ раҳбари ва Қозоғистоннинг Жамбил вилояти собиқ ҳокими Карим Кўкрекбаевни касаллиги туфайли озод қилиш тўғрисидаги Олатов шаҳар суди қарорини бекор қилди. Бу ҳақда суд матбуот хизмати Казинформ агентлигига маълум қилди.

2025 йилнинг июлида мулозим ўта йирик миқдорда пора олганликда айбланиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Аммо 2026 йил 17 ноябрда Олатов шаҳар суди оғир хасталик сабабли Кўкрекбаевни озод қилишга рухсат берди. Прокуратура мазкур ажрим устидан шикоят қилиб, апелляцияда ғолиб чиқди.

Апелляция ҳайъати биринчи инстанция суди «қонун нормаларини қўпол равишда бузган» деган хулосага келди.

Ҳайъат баҳосига кўра, Кўкрекбаевнинг касаллиги Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган рўйхат бўйича маҳкумни жазони ўташдан озод қилиш мезонларига тўғри келмайди.

Суд шунингдек, Олмаота вилояти прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигига нисбатан хусусий ажрим чиқарди. Унда биринчи инстанция судида «маҳкумни озод қилиш зарурлиги тўғрисида асоссиз хулоса» берган прокурор ҳамда жазони ижро этиш тизими муассасаси вакилининг хатти-ҳаракатларини кўриб чиқиш таклиф этилган.

Яна бир хусусий ажрим Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилди. Маҳкама суд фикрига кўра «маҳкумда жазони ўташга тўсқинлик қилувчи касаллик мавжудлиги ҳақида асоссиз хулоса» чиқарган махсус тиббий комиссия аъзоларининг жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиши лозим.

Кўкрекбаев Жамбил вилояти ҳокими бўлган (2013–2018 йиллар). У «Қазселҳимоя» давлат муассасасига 2019 йил август ойидан раҳбарлик қилиб келган. Ушбу тайинловга қадар Қозоғистоннинг Қирғизистондаги элчиси бўлиб ишлаган.

Мулозим 2022 йилда қўлга олинган эди. 2024 йил июнида суд аввалига уни умумий ҳомийлик қилиш ҳамда бажарилган ишлар далолатномаларини имзолаш учун пора олганлик айблови бўйича оқлаганди. Гап Хоргосда ўзан шакллантирувчи ва ҳимоя иншоотларини қуриш, Оқсойда қирғоқларни мустаҳкамлаш ҳамда тўғонлар барпо этиш ҳақида кетаётганди. Мулозимга қўйилган пора миқдори 798 минг АҚШ доллари ва 23 миллион тенгени (тахминан 50 минг доллар) ташкил этган.

Бироқ кейинчалик оқлов ҳукми бекор қилинди ва 2025 йил июлида маслаҳатчилар ҳайъати Кўкрекбаевни мазкур иш бўйича айбдор деб топди. Суд унинг ўз ўринбосари билан тил бириктириб, бажарилган ишлар далолатномаларини тўсиқсиз имзолаб бериш учун пул олганини аниқлади. Кўкрекбаев 12 йилга озодликдан маҳрум этилди ва умрбод давлат хизматида лавозим эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ