Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Афғонистонни бошқараётган «Толибон» ҳаракати фаолиятига ижобий баҳо берди. Бу ҳақда Москва форматида Афғонистон бўйича маслаҳатлашувлар йиғилиши очилишида иштирок этган РБК мухбири хабар берди.
«Ҳокимият тепасига келган ва “Толибон” ҳаракати бошчилигидаги миллий ҳукумат мамлакат ҳудудини назорат остига олди ва тан олиш керакки, уни етарлича муваффақиятли бошқармоқда», — деди Лавров.
Унинг сўзларига кўра, толиблар Афғонистон ҳудудида террорчи гуруҳларга қарши муросасиз кураш олиб бормоқда.
«Юзлаб жангарилар йўқ қилинди, бир қатор шов-шувли террорчилик актларининг, жумладан, хориж фуқаролари ва дипломатик ваколатхоналарга қарши ҳужумларнинг олди олинди», — дея Лавровнинг сўзларини келтиради ТАСС.
Россия ТИВ раҳбари Қобулнинг терроризмга қарши кураш имкониятларини кучайтириш умумий манфаатларга жавоб беришини таъкидлаб, моддий-техник ва эксперт ёрдами, шунингдек, махсус хизматлар ҳамда куч ишлатар тузилмалар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди.
Лавровнинг фикрича, Ғарб давлатларининг санкциялари Афғонистон иқтисодиёти ривожига тўсқинлик қила олмаган.
«Афғонистон иқтисодиёти Ғарб давлатларининг қаттиқ санкция босимига қарамай ривожланишда давом этмоқда. Улар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш баҳонасида ислом амирлигини халқаро молия тизимидан узиб қўйди, миллий банк активларини ўзлаштириб олди», — деди вазир.
У «Афғонистон ҳукумати минтақавий энергетика лойиҳаларига, жумладан, ТАПҲ магистрал газ қувурига (Туркманистон — Афғонистон — Покистон — Ҳиндистон) содиқлигини тасдиқлагани, солиқ ислоҳотини амалга оширгани, коррупцияга қарши қонунчиликни кучайтиргани ва саноатни жонлантиргани»га эътибор қаратди.
Лавров расмий маълумотларни келтириб, Афғонистонда қарийб 170 та янги ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилганини айтди. Унинг таъкидлашича, мамлакатда «электроэнергетикани ривожлантириш бўйича беш йиллик режа ишлаб чиқилган», Афғонистон 100 дан ортиқ давлат билан амалга оширадиган ташқи савдо ҳажми эса ўтган йили 14 миллиард долларга етган.
Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашувларнинг саккизинчи йиғилиши 5 октябрь куни Москвада бўлиб ўтди. Иштирокчилар Афғонистон ва унинг атрофидаги вазиятни, жумладан, Қобул ва Исломобод ўртасидаги можарони муҳокама қилиш учун йиғилди. Тадбирда Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг махсус вакиллари ҳамда юқори лавозимли амалдорлари иштирок этди. Беларусь ва Миср делегациялари меҳмон сифатида таклиф қилинди.
Россия «Толибон» билан алоқаларни ҳаракат ҳокимиятга қайтишидан анча олдин йўлга қўя бошлаган. Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашувлар 2016 йилда ишга туширилган. Кейинчалик унга толиблар ҳам қўшилган. Улар 2021 йил августда ҳокимиятга келганидан сўнг ҳам ҳамкорлик давом этган, гарчи Россия узоқ вақт давомида улар шакллантирган ҳукуматни расман тан олмаган бўлса-да.
2024 йили Россия президенти Владимир Путин Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати билан «қандайдир тарзда муносабатларни йўлга қўйиш керак», деб айтди, чунки айнан улар мамлакат ҳудудини назорат қилади. 2025 йил апрель ойида Олий суд Бош прокуратура даъвосини қаноатлантириб, ҳаракатни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқарди. Шу йил июль ойида Россия Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олди ва ҳозиргача бундай расмий дипломатик қадамни қўйган ягона давлат бўлиб қолмоқда.
Афғонистон ҳокимиятининг халқаро миқёсда тан олинишига асосий тўсиқлардан бири инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият бўлиб қолмоқда. Мамлакатда аёллар ва қизлар учун чекловлар сақланиб қолган. Уларга олтинчи синфдан кейин таълим олиш ҳануз тақиқланган, ишлаш, эркин ҳаракатланиш ва судларга мурожаат қилиш имкониятлари чекланган. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, ўрта таълим тақиқи тахминан 2,2 миллион нафар қизга тааллуқлидир.
БМТ ҳам ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар, оммавий ахборот воситаларига босим ўтказилиши ва сўз эркинлиги чекланаётгани ҳақида хабар берган. Ташкилот таъкидлашича, янги Жиноят қодекси жазоланадиган қилмишлар рўйхатини кенгайтиради ва тан жазоларини қўллашга йўл қўяди. «Коррупцияни тарқатиш», «ақидапарастлик» ва «куфр» учун эса ҳатто ўлим жазосигача бўлган жазолар белгиланиши мумкин.



