Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев интернетда мамлакатнинг президентлик бошқарувидан парламент бошқаруви тизимига ўтиши ҳақидаги миш-мишларни инкор этди. Бу ҳақда давлат раҳбари Ана тiлi» газетасига берган интервьюсида маълум қилди, деб хабар берди Оқўрда сайти.
«Давлат ҳокимияти сиёсий тизимини танлаш жуда масъулиятли қарор бўлиб, у парда ортида эмас, балки фақат халқ референдуми орқали қабул қилиниши керак. Ишончим комилки, менинг «кучли президент – нуфузли парламент – ҳисоб берувчи ҳукумат» тушунчаси Қозоғистоннинг сиёсий тизимига жуда мос келади. Аммо бу концепцияни тўлиқ амалга ошириш учун биз кўп меҳнат қилишимиз керак.
Ишончим комилки, ҳозирда ва яқин келажакда президентлик бошқаруви шакли Қозоғистон учун энг мақбул вариантдир», — деди президент.
Тўқаев, шунингдек, постсовет мамлакатларидаги парламент тизими ҳали ўзининг энг яхши томонларини кўрсатолмаганини таъкидлади. «Грузиядаги сўнгги воқеалар бу хулосани яққол тасдиқлайди», — дея қўшимча қилди у.
Суҳбат давомида Тўқаев гўёки 2026 йили БМТга раҳбарлик қилиш ниятида экани, шу муносабат билан Қозоғистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни ҳам рад этди.
«Мен БМТ Бош котиби ўринбосари ва Қуролсизланиш бўйича конференция Бош котиби сифатида қарийб уч йил давомида БМТнинг Женева бўлимига раҳбарлик қилиш имконига эга бўлдим. Фойдали тажриба ва халқаро жараёнлар механизмлари ҳақида тушунчага эга бўлдим. Менимча, бу етарлигидан ортиқ.
Мамлакатни ривожлантириш бўйича узоқ йилларга мўлжалланган катта режаларим бор, уларни амалга ошириш ниятидаман», – деди у.
Тўқаев илк бор 2019 йил июнь ойида президент этиб сайланган эди. 2022 йил сентябрида у Конституцияга киритилган тузатишларни имзолади, унга кўра, президент фақат бир муддатга — етти йилга сайланиши мумкин. Бундан ташқари, бу нормани келажакда ўзгартириш мумкин эмас. 2022 йил ноябрь ойида навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтди ва унда Тўқаев иккинчи бор ғалаба қозонди. Унинг ваколат муддати, ўзгартиришларга кўра, 2029 йилнинг ноябрида тугайди.