Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов ҳукуматга мамлакатнинг ўта бой фуқароларини солиққа тортиш бўйича таклифларни бир ой ичида ишлаб чиқиш ва тақдим этишни топширди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.
Топшириқ Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Мурожаатномасини амалга оширишга бағишланган ҳукумат йиғилишида берилди.
«Алоҳида масала — катта бойлик эгаларига солиқ солиш. Миллий иқтисодиёт ва молия вазирликлари бир ой муддатда халқаро тажрибани ўрганиб, ўта бой фуқароларни солиққа тортиш бўйича ёндашувларни тақдим этсин», — деди Бектенов.
Бундан ташқари, Бош вазир янги Солиқ кодексига киритиладиган тузатишларни такомиллаштириш, жойларда солиқлар йиғилишини ошириш ва яширин иқтисодиёт улушини камайтиришни топширди. Молия вазирлиги, шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда солиқ ва божхона маъмуриятчилигини рақамлаштириш ишларини якунлаши керак.
28 октябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев халққа Мурожаатномасида жорий йилда кучга кирган янги Солиқ кодекси «муқаддас китоб» эмаслигини ва бизнес манфаатларини ҳисобга олган ҳолда унга тузатишлар киритиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, у катта бойлик эгалари учун солиқ ставкасини ошириш масаласини муҳокама қилиш вақти келганини айтди ва қонуний активларни чеклаш режалаштирилмаётганини қайд этди.
«Гап ҳар бир фуқаронинг мамлакатимиз тараққиётига муносиб ва ҳалол ҳисса қўшиши ҳақида бормоқда. Бу — адолат масаласи», — деди давлат раҳбари.
Ҳозирда Қозоғистонда фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 10 фоизни ташкил этади. Юқори даромадли фуқароларга (йилига 80 минг доллардан ортиқ даромад олувчиларга) 15 фоизлик оширилган ставка қўлланади, бироқ у фақат белгиланган чегарадан ошган суммага нисбатан ҳисобланади. Элит кўчмас мулк ва бошқа қимматбаҳо активлар эгаларига эса махсус акциз солиғи солиниши мумкин.



