Binance криптобиржаси хакерлар ҳужумига учради ва ундан 6,5 миллиард долларлик маблағ ўғирланди

magnific.com сайти фотосурати

Дунёдаги энг йирик криптовалюта биржаси Binance 29 октябрь куни кечқурун кенг кўламли хакерлик ҳужумига учради. Дастлабки баҳолашларга кўра, ҳужум натижасида етказилган зарар 6,3 миллиард долларни ташкил этиши мумкин. Агар бу баҳолар тасдиқланса, мазкур ҳужум криптовалюта бозори тарихидаги энг йирик ҳужумлардан бирига айланиши мумкин.

Тизимга кириш манбаи сифатида DevOps муҳандисининг вирус билан зарарланган ноутбуки тахмин қилинмоқда. Шубҳали операциялар 2026 йил 29 октябрь куни кечқурун бошланган. Ўтказмаларнинг асосий қисми тахминан 20 дақиқа давомида, 29 октябрь куни UTC вақти билан соат 20:05 дан, яъни Москва вақти билан 23:05 дан бошлаб амалга оширилган. Кейинроқ тадқиқотчилар Avalanche ва Polygon тармоқларидаги Binance ҳамёнларига ҳам дахл қилган операцияларнинг иккинчи тўлқинини аниқлашган. Бу операциялар UTC вақти билан тахминан соат 23:05 да содир бўлган, деб ёзади Securitylab. Тадқиқотчилар тахминига кўра, номаълум шахслар биржа ишчи ҳамёнларидан бирининг номидан назорат остидаги смарт-контракт орқали операцияларни амалга ошириш имкониятини қўлга киритишган.

Биржа криптовалюталарни ечиб олиш операцияларини вақтинча тўхтатди ва ҳужумчиларнинг бузиб кирилган ҳамёнга киришини блоклади.

Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, Binance ҳамкорлари билан биргаликда зарар кўрган активларнинг қарийб 3 миллиард долларлик қисмини бевосита блокчейн тармоғида музлатишга муваффақ бўлган. Криптобиржа мижозларнинг барча йўқотишлари SAFU (Secure Asset Fund for Users — фойдаланувчилар учун хавфсиз активлар жамғармаси) фонди ҳисобидан қопланишини маълум қилди.

Binance криптобиржаси асосчиси ва собиқ раҳбари Чанпэн Чжао платформа хакерлар ҳужумига учраган бўлиши мумкинлигини айтди. Ҳозирнинг ўзидаёқ ҳужумга Шимолий Кореянинг TraderTraitor хакерлар гуруҳи алоқадор бўлиши мумкинлигига оид тахминлар пайдо бўлди.

Хакерлик ҳужуми ҳақидаги хабарлар фонида капиталлашув бўйича биринчи ва иккинчи ўринда турувчи криптовалюталар — биткоин ва Ethereum («эфириум», «эфир», ETH) — нархи Binance биржасида кескин пасайди. 29 октябрь куни Москва вақти билан соат 23:47 ҳолатига кўра, биткоин нархи 78,341 минг долларгача тушган (3,32 фоизга пасайиш). Ethereum курси эса 5,01 фоизга арзонлаб, 2,233 минг долларни ташкил этган. BNB токени қиймати қарийб 5 фоизга пасайган.

Binance Марказий Осиёда ҳам фаол иш олиб боради. Қозоғистонда глобал версиясидан функционал жиҳатдан деярли фарқ қилмайдиган, лицензияга эга маҳаллий Binance.kz платформаси фаолият юритади.

Қирғизистон ўтган йил баҳорида Чанпэн Чжао билан ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди. Шундан сўнг у президент Садир Жапаровнинг рақамли активлар бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди ва Виртуал активларни ривожлантириш миллий кенгаши таркибига киритилди. 2025 йил октябрь ойида BNB Chain тармоғида KGST стейблкоини ишга туширилиши эълон қилинган эди.

Ўтган йили Binance Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритиш учун рухсатнома олганди. Республикада криптовалюта биржаси криптоактивлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи расмий провайдер — COINPAY компанияси орқали фаолият юритади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ