Тўқаевнинг танқидидан сўнг «Самрук-Энерго» раҳбари дарҳол ишдан бўшатилди

Қайрат Мақсутов. samruk-energy.kz сайти фотосурати

Қозоғистон миллий фаровонлик жамғармаси «Самрук-Қазина» бошқаруви Қайрат Мақсутовни «Самрук-Энерго» АЖ бошқаруви раиси лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бундай қарор компаниянинг стратегик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш суръатлари қониқарсиз экани, шунингдек, янги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва ишга тушириш бўйича белгиланган муддатларга риоя этилиши устидан назорат етарли эмаслиги сабабли қабул қилинган.

Мақсутов ўрнига «Самрук-Энерго»га ким раҳбарлик қилиши ҳозирча маълум қилинмаган.

Кадрлар бўйича қарор Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Қозоғистон халқига йўллаган мурожаатидан кўп ўтмай қабул қилинди. Президент мамлакат энергетика соҳасидаги вазиятни кескин танқид қилиб, электр энергиясининг сурункали тақчиллиги, шунингдек, қишда қўшни давлатлардан қиммат нархларда электр энергияси сотиб олиниши ва ёзда унинг қўшниларга арзонлаштирилган нархларда қайта етказиб берилиши амалиёти йиллар давомида давом этаётганини айтди.

Тўқаев, шунингдек, Туркистон, Қизилўрда, Олмаота ва Экибастузда янги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш муддатлари бузилганини танқид қилди ҳамда Балхашда иссиқлик электр маркази қурилиши муваффақиятсизликка учраганини эслатди.

«Самрук-Энерго» мамлакатнинг муҳим энергетика лойиҳалари билан шуғулланади. Улар қаторига Олмаотадаги 2- ва 3-иссиқлик электр марказларини газга ўтказиш, шунингдек, Экибастуз иссиқлик электр станцияларини модернизация қилиш ва кенгайтириш киради. Ушбу компания 2008 йилда Қозоғистоннинг ўша пайтдаги президенти Нурсултон Назарбоев фармони билан ташкил этилган «Самрук-Қазина» миллий фаровонлик жамғармаси таркибига киради. Сўнгги йилларда «Самрук-Қазина» жамғармаси амалдаги президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан бир неча бор танқид қилинган. Хусусан, у жамғарма бошқарувининг самарасизлиги ва йирик лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари чўзилаётганини танқид остига олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ