Британиялик комик Саша Барон Коэн ўз видеороликларида Борат образини яратгани учун қозоғистонликлардан узр сўради. У бошловчи Жош Хоровиц билан Happy Sad Confused подкастида таъкидлашича, Қозоғистон фуқароларига чуқур ҳурмат билан қарайди ва Боратнинг «Қозоғистонга ҳеч қандай алоқаси йўқ».
Комикнинг тушунтиришича, сатирик лойиҳа асло Қозоғистонга қарши қаратилмаган, балки Америка ва Европа жамиятидаги қолоқ қарашлар ҳамда стереотипларни фош этишга йўналтирилган.
«Буларнинг барчаси мен мулоқот қилган одамларнинг саводсизлиги ва дунёқараши торлиги ҳақида эди. Улар ҳаётида ҳеч қачон эшитмаган жойда бундай бемаъниликлар содир бўлиши мумкинлигига ишонишга тайёр эдилар», — деди у.
Саша Барон Коэн ҳақидаги янги муҳокамаларга актёрнинг яна бир машҳур қаҳрамони — Али Жига бағишланган Ali G: Who Iz I? фильми сабаб бўлди. Комедиянинг иккинчи трейлерида Борат ҳам пайдо бўлган.
Промороликда у сохта давлат идоралари — «Қозоғистон кино комиссияси» ва «Қозоғистон тили департаменти» номидан чиқиш қилиб, Коэнни ирқчилик руҳидаги фильм яратганликда айблайди. Борат «Қозоғистон жуда ғазабда ва фильмни ўзининг иккита кинотеатридан бирортасида ҳам намойиш этмайди», деб баёнот беради. Ролик охирида у мамлакат номидан фильмни Буюк Британия кинотеатрларида бойкот қилишга чақиради.
Борат Сагдиев — британиялик комик Саша Барон Коэн яратган энг машҳур образлардан бири. У АҚШ бўйлаб саёҳат қиладиган, қозоқларни аёлларни камситувчи, ирқчи ва қолоқ одамлар сифатида тасвирлайдиган тўқима журналистдир. Саша Барон Коэн Борат образида илк бор 2005 йилда Лиссабонда бўлиб ўтган Европа MTV мукофотларини топшириш маросимида омма олдида пайдо бўлган.
«2003 йилдан бери Қозоғистон дунёдаги ҳар қандай бошқа давлат каби цивилизациялашган мамлакатга айланди. Энди аёллар автобусларда юриши мумкин, гомосексуалларга кўк қалпоқ киймасликка рухсат берилди, “жинсий алоқага розилик ёши” эса саккиз ёшгача кўтарилди», — деб ҳазил қилган эди Борат MTV телеканалида номзодларни эълон қилиш орасида миллионлаб томошабинлар олдида. Ўшанда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ержан Ашикбаев бу чиқишни «беҳаё гаплар тўплами» деб атаган ва Коэн Қозоғистон имижини қоралашга қаратилган қандайдир сиёсий буюртмани бажараётган бўлиши мумкинлигини истисно этмаган.
2006 йилда Борат ҳақидаги биринчи фильм экранларга чиққан. Унинг бюджети 18 миллион долларни ташкил этган бўлса, жаҳон прокатида 260 миллион доллардан ортиқ маблағ тўплаган. Борат Сагдиев саргузаштларининг иккинчи қисми премьераси 2020 йил 23 октябрда Amazon Prime Video стриминг платформасида бўлиб ўтган.
Борат образи қозоғистонликларнинг кўпинча салбий муносабатига сабаб бўлган ва турли можароларни келтириб чиқарган. Масалан, ўтган ёзда эркаклар кийимлари ишлаб чиқарувчи Shoqan бренди Борат иштирокидаги рекламаси учун узр сўраган. Ушбу қаҳрамоннинг чўмилиш кийими хорижлик футбол мухлислари орасида машҳур атрибутга айланган. Бундай кийимда футбол ўйинига келган мухлислар ҳибсга олинган. Бундан ташқари, фильмнинг якунида янграйдиган республика мадҳиясининг пародияси ҳам жанжалга сабаб бўлган. 2012 йилда Қувайтда бўлиб ўтган ўқ отиш бўйича жаҳон чемпионатида ташкилотчилар адашиб, қозоғистонлик спортчи Мария Дмитриенко тақдирланиши вақтида ҳақиқий мадҳия ўрнига ана шу пародияни қўйиб юборишган.



