Алиев Москванинг Ақтау яқинида самолёт қулаши сабабларини бости-бости қилишга уринганини қайд этди

ОЗАРБАЙЖОН ПРЕЗИДЕНТИ ИЛҲОМ АЛИЕВ. AZERTAG.AZ. АЙТИ ФОТОСУРАТИ

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 29 декабрь куни Azertag нашрига берган интервьюсида Россия томонининг Ақтау (Қозоғистон) яқинида AZAL самолёти қулаши сабабларини бости-бости қилишга уринганига ишора қилди.

Алиевнинг таъкидлашича, Озарбайжон фуқаролик самолёти Россия ҳудудида, Грозний яқинида ташқи тарафдан зарар кўрган ва деярли бошқарувни йўқотган. Унинг сўзларига кўра, самолёт радиоэлектрон кураш натижасида ишдан чиқарилган, ердан берилган зарба натижасида дум қисми жиддий шикастланган.

Самолёт фюзеляжида тешиклар номаълум шахслар томонидан илгари сурилган қушларнинг зарбаси ҳақидаги дастлабки версияни рад этади, дея давом этди Алиев. Унинг таъкидлашича, самолёт шикастланганда, учувчи бу зарбани қушларнинг зарбаси сифатида қабул қилган бўлиши мумкин, зеро дўст мамлакатда самолёт ердан ўққа тутилишини ҳеч ким хаёлига келтирмаган. Шунга қарамай, Россиядаги айрим доиралар, афсуски, бу версияга ёпишиб олишда давом этишди, деди Алиев.

«Бизни хафа қилган ва ҳайратга солган ҳолатлардан бири Россиянинг расмий тузилмалари қандайдир газ баллонининг портлаши ҳақидаги версияларни илгари сургани бўлди. Яъни, бу Россия томони масалани бости-бости қилмоқчи эканини очиқдан-очиқ кўрсатиб турарди ва бу, албатта, ҳеч кимга обрў келтирмайди», — деди Озарбайжон президенти.

Унинг таъкидлашича, «самолётга тасодифан зарба берилган. Албатта, бу ерда қасддан террорчилик ҳаракати ҳақида гап бўлиши мумкин эмас».

«Шунинг учун ўз айбини тан олиш, дўст давлат саналган Озарбайжондан зудлик билан узр сўраш ва буни жамоатчилик эътиборига етказиш – буларнинг барчаси амалга оширилиши лозим бўлган чора ва қадамлар эди. Афсуски, дастлабки уч кун давомида биз Россиядан беъмани версиялардан бошқа ҳеч нарса эшитмадик», — деди Алиев.

Озарбайжон президенти авария тафсилотлари атрофлича ўрганилишига ишонч билдирди. Унинг қайд этишича, Боку бошиданоқ терговга халқаро экспертларни жалб этиш тарафдори бўлган. Россия томони терговни Давлатлараро авиация қўмитаси (ДАҚ) томонидан ўтказишни таклиф қилган, бироқ Озарбайжон бу тузилма биринчи навбатда россиялик мансабдор шахслардан иборат экани, холисликка таъсир қилиши мумкинлигини тушунтириб, қатъиян рад этган.

Алиевнинг таъкидлашича, агар Россия фалокатдан сўнг дарҳол одилона ва адекват ҳаракат қилганида, Озарбайжон бу таклифга эътироз билдирмаслиги мумкин эди. Бироқ, бунинг ўрнига, масалани бости-бости қилишга уринишлар кузатилди, деди Алиев.

Авиаҳалокатда қурбон бўлган экипаж аъолари – командир Игорь Кшнякинга (марказда), учувчи Александр Кальяниновга ва борт кузатувчиси Оқюма Алиевага «Озарбайжон Миллий Қаҳрамони» унвони берилди. azertag.az сайти фотосурати

Натижада Озарбайжон Қозоғистон ва Россия билан биргаликда фақат халқаро экспертлар, жумладан, самолёт ишлаб чиқарувчи Embraer компанияси ва Бразилиядаги ихтисослаштирилган муассасалар вакиллари, шунингдек, Озарбайжон, Қозоғистон ва Россия, шу жумладан ДАҚ вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузди.

Интервью эълон қилинганидан сўнг Россия президенти Владимир Путин Алиевга қўнғироқ қилган.

Давлат раҳбарлари AZAL самолёти ҳалокати билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишган. Суҳбат тафсилотлари келтирилмаган. Аввалроқ, 28 декабрь куни Путин «Россия ҳаво ҳудудида фожиали воқеа содир бўлгани» учун Алиевдан узр сўраган эди.

Айни пайтда Қозоғистон Транспорт вазирлиги ҳалокатга учраган самолёт «қора қутилари»ни Бразилияга жўнатиш қарорини эълон қилди.

ℹ️ Ҳалокат 25 декабрь куни юз берди. Azerbaijan Airlines лайнери Бокудан Грознийга учаётган бўлган, бироқ аввал хабар қилинганидек туман ва дронлар ҳужуми туфайли Чеченистон пойтахтига қўна олмаган. Самолёт орқага бурилиб, Қозоғистоннинг Актау шаҳрига йўл олган, бошқарув тизимидаги носозлик туфайли авария сигнали юборган. Самолёт аэропортдан 3 км узоқликда қулаган. Самолётдаги 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган. Илҳом Алиев ҳалок бўлган уч экипаж аъзоси билан видолашув маросимида иштирок этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ