Қозоғистонда йўловчи самолёти ҳалокатга учради

Ҳалокатга оид видеодан скриншот

Давоми: Қозоғистон ФВВ: Ақтауда йўловчи самолёти қулаши оқибатида 25 киши омон қолди.

Қозоғистоннинг Актау шаҳри яқинида йўловчи самолёти ҳалокатга учради, фавқулодда ҳолат содир бўлган жойда ёнғин чиқди, деб хабар беради Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

«Қозоғистон ФВВ 52 нафар ходими ва 11 бирлик техникаси Ақтауга самолёт қулаган жойга етиб келди. Етиб боргач, самолёт ёнаётгани аниқланган. Қутқарув бўлинмалари ёнғинни ўчиришга киришган. Ҳозирда жабрланганлар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда, тирик қолганлар борлиги ҳақида дастлабки маълумотлар бор», — дейилади хабарда.

Қозоғистон транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, бу самолёт Azerbaijan Airlines га тегишли. Embraer 190 самолёти Боку – Грозний йўналишида бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, бортда 62 йўловчи ва 5 экипаж аъзоси – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия фуқаролари бўлган.

Ҳодиса жойига 22 тез ёрдам бригадаси етиб келган. 14 киши вилоят шифохонасига етказилган. Улардан беш нафарининг аҳволи оғир, реанимацияда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ