Муай-тай бўйича жаҳон чемпиони Али Серик 23 декабрь оқшомида Олмаота шаҳрининг Науризбай туманида ўлдирилди, деб хабар беради sports24.kz нашри. Полиция гумонланувчини қўлга олган. Бу шахс спортчининг таниши бўлиб чиққан.
«20 яшар йигитнинг ўлдирилиши юзасидан Науризбой тумани ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи «иссиғида» қўлга олиниб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига олиб кетилган. Дастлабки маълумотларга кўра, йигитлар ўртасида жанжал келиб чиққан, натижада улардан бири пичоқ ишлатган. Жиноий қурол қўлга олинди», — дейди Олмаота полиция бошқармаси «Курсив»га.
ҚР Тай бокси федерацияси марҳум спортчининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган.
Али Серик машҳур ONE Championship ташкилотида иштирок этган профессионал жангчи ҳисобланган. У Олмаотанинг Titan Fight Club жамоаси номидан жангларда қатнашган. 2022 йили Али Серик Малайзияда муай-тай бўйича катталар ўртасидаги энг ёш жаҳон чемпиони (А класси) бўлган.
Олти йил олдин Олмаотада машҳур спортчининг ҳаётига зомин бўлган фожиа юз берганди. 2018 йил июль ойида шаҳар марказида 25 ёшли фигурали учувчи Денис Тен ўлдирилган, у машинасидан кўзгуларни ўғирламоқчи бўлган жиноятчилар томонидан пичоқ билан оғир яраланган эди. Кўп қон йўқотгани туфайли шифокорлар спортчини сақлаб қола олишмаган. Жиноят Қозоғистонда катта резонансга сабаб бўлганди, полиция танқид остида қолган ва мамлакат ИИВ раҳбариятини истеъфога чиқаришга чақириқлар бўлганди.
Тез орада спортчига ҳужум қилган Арман Худойбергенов ва Нурали Киёсовлар қўлга олинган. 2019 йил бошида суд уларни 18 йилга озодликдан маҳрум қилган, бошқа бир айбланувчи, талончилардан бирининг таниши Жанар Тўлибоева жиноят ҳақида хабар бермагани учун тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди (кейинчалик муддат қисқартирилган ва қамоқдан озод қилинган). Шу йилнинг июль ойида қотилларнинг жазоси енгиллаштирилгани маълум бўлди. Улар ўртача хавфсизлик муассасасига ўтказилган ва тергов изоляторида бўлган вақти ҳисобга олинган.