Йўлда намоз ўқиш мумкин эмас, йўлда ҳаракатланаётган бошқа кимсаларни ҳурмат қилиш керак. Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (муфтият) 6 декабрь куни Олмаотада содир бўлган воқеага шундай баёнот билан жавоб берди, деб хабар беради Kaztag.
Ўша куни жума намозига келган одамлар Олмаота марказий жоме масжидига сиғмаган, шу сабаб айрим намозхонлар М.Маметова кўчасини тўсган ҳолда намоз ўқишга киришган. Бу эса тирбандлик ва йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига олиб келган.
«Йўлда намоз ўқишни тақиқлашнинг асосий сабаби, транспорт ҳаракатига моънеликни олдини олишдир. Йўлда тез ёрдам машинаси, ўт ўчириш машинаси ёки ишга шошилаётган одам ҳаракатланиши мумкин. Намоз учун кўчани ҳатто беш дақиқага тўсиб қўйиш ҳам тирбандликни келтириб чиқаради ва транспорт ҳаракатига тўсқинлик қилади», — дейди муфтиятдагилар.
«Ўрда» нашрининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, воқеадан сўнг масжид яқинидаги ҳудудда тартибни сақлашга масъул бўлган тўрт нафар полициячи ишдан бўшатилган, намоз ўқиган кимсаларнинг бир нечтаси ушланган, улар орасида хорижликлар ҳам бўлиши мумкин.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси воқеа ҳолатларини, жумладан, провокация эҳтимолини текширишга киришган. Йўлларни тўсиб қўйган ҳолда намоз ўқишлик Олмаота учун одатий ҳол эмас, ҳатто Ҳайит байрамларида ҳам, деб таъкидлайди «Ўрда» нашри.