Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси мамлакатда тўртта терактнинг олди олинганини маълум қилди

Оқўрда матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистонда жорий йил бошидан буён тўртта терактга тайёргарлик бартараф этилган. Бу ҳақда республика Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раиси Ермек Сагимбаев президент Қосим-Жомарт Тўқаевга маълум қилди, дея хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.

Сагимбаев ҳеч қандай тафсилотларни келтирмаган. Бироқ, аввалроқ оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон ҳудудида камида икки марта теракт содир этишга уриниш бўлгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди. Апрель ойида МХҚ ходимлари Актауда радикал диний мафкура тарафдорини қўлга олган. Тинтув пайтида улар портловчи мослама ясаш учун вайрон қилувчи элементларга эга қисмларни топганлар. Маълум қилинишича, эркак Манғистау вилоятидаги давлат муассасаларидан бирида теракт содир этмоқчи бўлган. Ўтган йил кузида у 18 йилга қамалган эди.

Ноябрь ойида МХҚ ходимлари Қозоғистон жазони ижро этиш муассасасида теракт содир этишга тайёрлаётган шахс ва унинг шерикларини қўлга олган.

Қўмита материалларига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 84 нафар шахс терроризм ва экстремизмга алоқадорликда айбланиб, судланган, террорчилик тусидаги жиноятларни содир этишда гумонланиб қидирувда бўлган 6 нафар қозоғистонлик Сурия ва Туркиядан экстрадиция қилинган, улардан икки нафари судланган. Терроризмга алоқадор 824 нафар чет эл фуқаронинг Қозоғистонга киришига чек қўйилган.

2022 йили Қозоғистонда учта терактнинг олди олинган. Террорчилик ва экстремистик жиноятларни содир этганлик учун жами 56 нафар шахс судланган.

2023 йил баҳорида Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Ермек Сагимбаев президентга МХҚ ходимлари бир қанча террорчилик жиноятларининг, жумладан, одамлар гавжум жойлардан бирини портлатишга уринишнинг олди олингани ҳақида ҳисобот берганди. Ушбу фактлар асосида 19 киши ҳибсга олинган. Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари теракт айнан қаерда тайёрланаётганига аниқлик киритмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ