Тўқаевнинг синглиси Қозоғистоннинг энг нуфузли аёллари рўйхатига киритилди — Назарбоевнинг қизлари бу ерда йўқ

Forbes Woman Kazakhstan журналининг сентябрь сони муқоваси

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг синглиси Карлига Избастина Forbes Woman Kazakhstan нашри томонидан тузилган мамлакатнинг энг нуфузли аёллари рейтингига киритилди.

Нашр бундай рўйхатни илк бор тақдим этди. Избастина унда 17-ўринни эгаллаган. У Кемел Тўқаев (отаси) номидаги хайрия фонди ҳаммуассиси ҳисобланади. Илгари у Meerbusch ва Kazakhstan Tungsten & Molybdenum Company компаниялари орқали бизнес билан шуғулланган.

Умуман олганда, Қозоғистондаги энг нуфузли аёлларнинг биринчи рейтингида 25 нафар иштирокчи бор, уларнинг ўртача ёши 51 ёш. Шунингдек рўйхатга мамлакатнинг 110 нафар таниқли ва нуфузли аёллари киритилган, улардан 42 нафари танлаб олинган ва бу рўйхат экспертлар томонидан олти баллик тизимда баҳоланган.

«Рейтинг етакчиси Умут Шаяхметова (Halyk bank раҳбари) экани ҳеч кимни ажаблантирмаса керак, деб ўйлайман», —деб ёзади Forbes Woman Kazakhstan таҳририят директори Зулфия Хайбуллина.

Рейтингда Шаяхметовадан ташқари Қозоғистон Республикаси Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги раиси Мадина Абилқосимова (2-ўрин), «Отбаси банк» раҳбари Лаззат Ибрагимова (5-ўрин), KASE бошқаруви раиси ва директорлар кенгаши аъзоси Алина Алдамберген (11-ўрин) ва бошқалар ўрин олган.

Рейтингда ҳукуматдаги аёллар ҳам бор. 4-ўринда Маданият ва ахборот вазирлигини бошқараётган Аида Балаевани кўриш мумкин, у тадбиркор аёл. Масалан, 18-ўринни Lancaster Holding асосчиси, Олмаота ҳокими Эрболат Досаевнинг рафиқаси Гулнар Досаева эгаллаган, деб ёзади Kursiv.kz.

Шу билан бирга рейтингга мамлакат биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг икки қизи – Forbes.kz талқини бўйича Қозоғистоннинг энг бой одамлари бўлмиш Дарига Назарбоева ва Динара Қулибаева киритилмаган.

Дарига Назарбоева 75 та энг бой бизнесменлар орасида 15-ўринни эгаллаган, унинг бойлиги 590 миллион долларга баҳоланган бўлса, Динара Қулибоева турмуш ўртоғи Тимур Қулибоев билан бирга рейтингда иккинчи ўринни эгаллаган. Уларнинг ҳар бири 5 миллиард долларлик бойликка эга.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ