«НГ»: Боррель Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга қизиқиши ортиб бораётганини тасдиқлади

akorda.kz сайти фотосурати

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель 1 август куни Қозоғистонга икки кунлик ташриф билан келди. Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ва президент Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашувларда у Транскаспий халқаро транспорт йўналишини (ТХТЙ) ривожлантириш, муҳим фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик ва республиканинг Россияга қарши Ғарб санкцияларига риоя этаётганини муҳокама қилди, деб ёзади «Независимая газета».

Остонада бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўзга чиққан Жозеп Боррель бу Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили сифатида Қозоғистонга иккинчи ташрифи эканлигини таъкидлади.

«Европа Иттифоқи вакили сифатидаги ваколатим уч ойдан сўнг якунига етар экан, Европа Иттифоқининг бутун Марказий Осиё ва жумладан Қозоғистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта қизиқиш ва садоқатини тасдиқлаш учун Остонага келганим мен учун жуда муҳим», — деди у.

Европа Иттифоқи вакили Қозоғистоннинг Европа ва Осиё ўртасидаги кўприк сифатидаги стратегик мавқеини таъкидлади, шунингдек, Президент Тўқаев раҳбарлигида амалга оширилган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади.

Якунида Боррел Қозоғистон минтақадаги биринчи бўлиб ЕИ билан муҳим хомашё етказиб бериш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаганини таъкидлади.

«Муҳим хомашё — бу биз келажакда кўпроқ эътибор қаратишимиз керак бўлган нарсалардир. Хом ашё цивилизацияни олдинга олиб боради. Бизнинг етказиб бериш занжирларининг диверсификацияси ва барқарорлиги ўзаро манфаатли бўлиши керак, шунинг учун биз сизнинг яқинда бошланган Минерал хавфсизлик ҳамкорлик форумига аъзо бўлиш сўровингизни мамнуният билан қабул қиламиз. Бу ўзаро манфаатли соҳа», — деди Жосеп Боррелл. Унинг сўзларига кўра, бўлажак инвестициялар қуруқлик алоқаларини, Транскаспий йўлаги ва горизонтал авиация келишувини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.

Нашрнинг қўшимча қилишича, ўтган йилдан бошлаб немис ва америка компаниялари Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда нодир ер металларини қидириш ва ишлаб чиқариш билан фаол шуғуллана бошлаган. Бу эса Транскаспий йўналиши ушбу қимматбаҳо хомашёни Европага етказиб беришда муҳим коридор бўлишидан далолат беради.

Санкцияларга келсак, Марказий Осиёнинг Россия ва Хитой билан ўзаро алоқаларини камайтириши АҚШ ва Европа Иттифоқи учун муҳим. Бироқ, улар хавф-хатарларни тушуниб, минтақа мамлакатларига Москва билан ҳамкорлик қилиш учун жой қолдирадилар, дейилади мақолада.

Боррелнинг Остонага ташрифи Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган «Европа Иттифоқи – МА (Марказий Осиё)» биринчи саммитига тайёргарлик кўриш фонида бўлиб ўтди. 3 август куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Қирғизистонга келиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ