Қозоғистон МХҚ собиқ раҳбари Карим Масимовнинг афв борасидаги илтимоси рад этилади

Карим Масимов. Tengrinews.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия давлат раҳбарига тегишли илтимос билан чиққан Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари Карим Масимовга рад жавобини беришни тавсия қилди. Бу ҳақда депутат Марат Бошимов маълум қилди, деб ёзади ORDA.kz.

«Комиссиянинг сўнгги йиғилишида афв этиш бўйича айрим материаллар кўриб чиқилди (...) Комиссия Масимовга рад жавобини беришни тавсия қилади», — дея депутат сўзларини келтиради нашр.

Давлатга хиёнат ва ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишда айбланган Қозоғистон МХҚ собиқ раҳбари жорий йилнинг март ойида президентга афв этиш тўғрисида илтимоснома юборган эди.

Карим Масимов мамлакатдаги энг нуфузли ва собиқ президент Нурсултон Назарбоевга энг яқин кишилардан бири ҳисобланган. Ўтган йиллар давомида Қозоғистон Республикаси Бош вазири, администрация раҳбари ва президент ёрдамчиси лавозимларида ишлаган. 2016 йил сентябридан буён Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келганди, оммавий тартибсизликлар туфайли президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг 2022 йил 5 январдаги фармони билан у лавозимидан озод этилганди. Ўша йилнинг 8 январида МҲҚ Масимовни давлатга хиёнатда гумон қилиб ҳибсга олинганини эълон қилди.

2023 йил апрелида Остона шаҳар жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди Масимовни 18 йилга озодликдан маҳрум қилди. У давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбдор деб топилган. Ҳозир маҳкум Остонадаги Миллий хавфсизлик қўмитасининг тергов изоляторида сақланмоқда. Унга нисбатан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 218-моддаси 3-қисми («Жиноий йўл билан олинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларни легаллаштириш»), шунингдек, 366-моддаси 4 қисми («Катта миқдорда пора олиш») билан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ