Путин: «Россия ва Қозоғистон ўртасида баҳсли масалалар йўқ»

kremlin.ru сайти фотосурати

Россия ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама муносабатларни мураккаблаштирадиган биронта ҳам муаммо йўқ. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин 5 июнь куни ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради Кремль матбуот хизмати.

«Тўғрисини айтсам, мен мунозарага сабаб бўладиган ва муносабатларимизни қайсидир маънода мураккаблаштирадиган бирорта масалани кўрмаяпман», — деди Путин «КазИнформ» бош директори Асқар Жалдиновнинг Қозоғистон ва Россия муносабатларининг келажаги ҳақидаги саволига жавоб бераркан.

«Биз нафақат жуда яқин, балки иттифоқчилик, стратегик муносабатларга эгамиз», — деди Россия раҳбари. — Бу савдо-иқтисодий алоқаларга ҳам тааллуқлидир, улар йилдан-йилга ишончли тарзда ўсиб бормоқда. Товар айирбошлаш даражасининг ортиб бораётгани шундан далолат беради.

Ўзаро муносабатларимизда кўплаб йўналишлар мавжуд. Мен ҳозир ҳаммасини санаб беролмайман: бу энергетика, саноат кооперацияси, коинот масаласи, булар кўп нарсаларни ўз ичига олади.

Биз улкан умумий чегарага эгамиз. Одамлар бир-бири билан мулоқот қилишади, Россия Федерациясининг 76 та субъекти Қозоғистоннинг тегишли ҳудудлари билан бевосита тўғридан-тўғри алоқа ўрнатган. Айтганча, улар самаралироқ, яхши ишлайдилар, чунки одамлар бир-бири билан доимо алоқада, бир-бирларини билишади, бир-бирига ишонишади ва ҳоказо».

Путин Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан «доимий алоқада» эканини алоҳида таъкидлади. «Бу инсон билан жуда яхши, ишончли ва дўстона муносабатлар шаклланган»,дея қўшимча қилди у.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида гапираркан, Путин Россия Қозоғистоннинг «муҳтож бўлган» шимолий ҳудудларига газ етказиб беришини айтди. «Миллиардлаб долларга тушадиган янги маршрутларни ётқизишдан кўра, уни биздан сотиб олиш арзонроққа тушади», — деди у.

Май ойида Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси Даурен Абаев ТАСС агентлигига берган интервьюсида республика ўз эҳтиёжлари учун Россия газини сотиб олишни режалаштираётгани ва ҳозирда унинг нархи бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилганди.

2023 йил ноябрь ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россиянинг «Известия» нашрига берган интервьюсида Қозоғистон-Россия муносабатлари «ёрқин келажак»га эга эканини таъкидлади. – Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни айнан яхши қўшничилик ва иттифоқчиликка асосланган ҳолда баҳолайман», – деди у.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ