Қозоғистон ва Буюк Британия стратегик шериклик шартномасини имзолади

Қосим-Жомарт Тўқаев ва Дэвид Кэмерон. akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ва Буюк Британия ўртасида стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон маълум қилди, дея хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.

«Бугун биз Қозоғистон Ташқи ишлар вазири билан биргаликда Стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоладик. Биз энергетика, таълим, бизнес, маданият соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, шахслараро алоқаларни мустаҳкамлаш ниятидамиз», — деди Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашувда.

«Ишончим комилки, мазкур кенг қамровли ҳужжат кўп қиррали икки томонлама кун тартибимизни кенгайтириш учун сифат жиҳатидан янги пойдевор яратади», — деди Қозоғистон раҳбари, ўз навбатида.

«Коммерсантъ» газетаси хабар беришича, муҳокама қилинаётган келишув тахминан олти йил давомида тайёрланган. Остона ушбу ҳужжатни савдо ва сармоя, хавфсизлик, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, энергетика, тоғ-кон саноати, транспорт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, банк, бандлик ва ижтимоий сиёсат, илм-фан ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган янги муносабатларнинг пойдевори деб атайди.

Қозоғистонда бой бўлган фойдали қазилмалар – металлар ва нодир элементларни биргаликда қазиб олиш ва қайта ишлаш истиқболли йўналиш бўлиши керак, дейилади мақолада.

Дэвид Кэмерон Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарда бўлиб, унинг дастурига Қозоғистондан ташқари Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон киради. Якуний нуқта Мўғулистонга ташриф бўлади.

Кэмерон Тошкентга ташрифи чоғида ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов билан музокаралар ўтказди, унинг якунида минтақавий ва халқаро муносабатлар ва инфратузилма соҳасида ўзаро англашув меморандуми, шунингдек, кенг қамровли ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланди. Унда икки давлат ўртасида терроризмга қарши кураш, мудофаа, иқлим ўзгариши ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш кўзда тутилган.

«Газета.уз» ёзганидек, ўзаро англашув меморандуми Ўзбекистонда барқарор инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодий ва саноат ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган. Унда республикада янги тезюрар темир йўл лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Кэмероннинг Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан музокараларида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида нефть ва газ саноати, қишлоқ хўжалиги ва янги технологиялар белгиланди.

Душанбеда Кэмерон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин Буюк Британия ва Тожикистон ўртасида келажакда Душанбе ва Лондон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар очилишига замин яратишга қаратилган ҳаво қатнови тўғрисидаги битимни имзолади. Кэмерон президент Эмомали Раҳмон билан ҳам учрашиб, минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик ва меҳнат миграцияси масалаларини муҳокама қилди.

Бишкекда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарини президент Садир Жапаров ва Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев қабул қилди. Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Дэвид Кэмерон Қирғизистон сув ресурсларига бой эканини таъкидлаб, бу республикада экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ