Туркия Анқарада содир этилган терактдан сўнг Ироқ шимолий ҳудудларига ҳаво зарбаларини берди

"Анадолу" сайти фотосурати

Туркия ҳарбий авиацияси 1 октабр куни Анқарада содир этилган терактдан сўнг Курдистон Ишчи партиясининг (КИП) Ироқ шимолидаги объектларига зарбалар берди. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазирлиги баёнотига таяниб, «Анадолу» агентлиги хабар берди.

Туркия пойтахтидаги ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган КИП нинг йигирмата манзилига зарба берилгани айтилмоқда.

«Ҳаво ҳужумлари натижасида террор ташкилоти томонидан фойдаланилган, террор ташкилотининг юқори мартабали аъзолари яширинганлиги тахмин қилинган ғорлар, бошпаналар, бункерлар, бошпана ва омборлардан иборат жами 20 та объект вайрон қилинди»,— дейилади Туркия Мудофаа вазирлиги хабарида.

1 октабрь куни эрталаб Анқара марказидаги Қизилай майдонида Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида автомобиль портлаган. Туркия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Али Эрликайнинг сўзларига кўра, теракт икки киши томонидан амалга оширилган. Улардан бири ўзини портлатиб юборган, иккинчиси «зарарсизлантирилган». Иккинчи террорист билан отишма чоғида икки хавфсизлик ходими яраланган.

КИП ҳужум Туркия парламентининг янги мажлиси очилишига бағишланганини таъкидлаган.

ℹ️ КИП 1978 йили ташкил топган ва у Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган. Ҳарбийлаштирилган ташкилот Туркиядаги курдлар ҳуқуқлари ва бу мамлакатда курд мухториятини яратиш учун курашади. Курдларнинг аксарияти истиқомат қилувчи шимолий Ироқда ташкилотнинг тоғли ҳудудларда кўплаб базалари жойлашган. Турк армияси вақти-вақти билан бу базаларга қарши қуруқликдан ва ҳаводан ҳарбий амалиётлар ўтказиб туради.