Журналист Луқпан Аҳмедьяров мамлакатдан чиқишга қўйилган тақиқ сабабли Остона полициясини судга берди

Луқпан Аҳмедьяров. Ижтимоий тармоқлардан олинган сурат

Остонада 16 ноябрь куни журналист Луқпан Аҳмедьяровнинг шаҳар Полиция департаментига қарши даъво аризасини кўриб чиқиш бошланади. У Қозоғистондан чиқишга ноқонуний чеклов қўйилгани етказган зарарни қоплашни талаб қилмоқда, деб хабар беради Ҳуқуқий медиа-марказ.

Аҳмедьяровга Media Qoldau юридик хизмати (Ҳуқуқий медиа-марказ), ҳуқуқшунос Гулмира Биржанова ҳамда Tokayeva&Partners идораси адвокати Асель Токаева ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.

3 август куни Аҳмедьяровнинг мамлакатдан чиқарилмагани билан боғлиқ ҳодиса даъво қўзғатишга сабаб бўлган. Журналист оиласи билан бирга Черногорияга кетмоқчи бўлган, бироқ аэропортда унга Остона шаҳар Полиция департаменти томонидан чиқишга тақиқ қўйилгани маълум қилинган.

Орадан бир неча кун ўтиб, Қозоғистон Жиноят кодексининг 274-моддаси («Била туриб ёлғон ахборот тарқатиш») бўйича қўзғатилган ва журналистнинг фамилияси қайд этилган жиноий иш ҳақида маълум бўлди. Аҳмедьяровнинг ўзи ушбу ишда ҳимояланиш ҳуқуқига эга гувоҳ сифатида қатнашаётганини билдирганди. Унинг сўзларига кўра, унинг иштирокида ҳеч қандай тергов ҳаракатлари ўтказилмаган, жабрланувчи ким экани эса унга номаълум.

ОАВ хабарига кўра, Усть-Каменогорск шаҳри фуқароси Андрей Котовнинг аризаси тергов бошланишига сабаб бўлган бўлиши мумкин. 2024 йил апрелида Аҳмедьяров ўз лойиҳасида Украина давлат лойиҳаси — «Хочу жить» томонидан Россия тарафида жанг қилаётгани айтилган Қозоғистон фуқаролари рўйхатини эълон қилган эди. Котов рўйхатда ўз маълумотларини кўриб қолиб, ҳарбий ҳаракатларда ҳеч қачон қатнашмагани, Россияда навбатчилик (вахта) усулида ишлаганини айтган. У нашр ўз обрўсига путур етказган деб ҳисоблаган. Ижтимоий тармоқларда яна бир қозоғистонлик — Руслан Мухаметов ҳам шунга ўхшаш баёнот берган.

2026 йил октябрь ойида Остона прокуратураси Аҳмедьяровнинг мамлакатдан чиқишига қўйилган тақиқни ноқонуний деб топди. Адвокат Асель Токаеванинг сўзларига кўра, прокуратура чекловни бекор қилиш зарурлигини кўрсатган ва жиноят иши бир неча бор тўхтатиб турилганини текширишга ваъда берган.

ℹ️ Луқпан Аҳмедьяров — мустақил журналист, «Просто журналистика» YouTube-канали бошловчиси. Сўнгги йилларда у бир неча бор босимга учраган, унинг канали эса бир неча марта блокланган.