Йил бошидан бери РФ 295 нафар маҳкум қилинган қирғизистонликни жазони ватанида ўташ учун юборди

Фото: shutterstock

Жорий йилнинг 1 январидан 12 ноябрига қадар Россия илгари РФда судланган 295 нафар Қирғизистон фуқаросини жазо муддатини ўз ватанида ўташни давом эттириши учун ушбу республикага юборди. Марказий Осиё мамлакати Бош прокуратураси тақдим этган шундай статистика ҳақида 24.kg хабар беради.

Назорат маҳкамасининг аниқлик киритишича, яна 65 нафар Қирғизистон фуқаросига нисбатан топшириш тартиб-таомили якунланган ва ҳозирда маҳкумлар ватанига этап қилинишини кутмоқда. Жараённинг секин кечиши ҳар бир ҳолат Россия Федерацияси қонунчилиги, халқаро шартномалар ва муайян жиноят иши тафсилотларини ҳисобга олган ҳолда алоҳида кўриб чиқилиши билан изоҳланади.

Шу билан бирга, 2026 йил бошидан буён Россия судланган 52 нафар қирғизистонликни уйига қайтаришни рад этди. Улардан 21 нафари жинсий дахлсизлик ва шахснинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, етти нафари террорчилик хусусиятдаги қилмишлар, яна 24 нафари бошқа жиноятлар, жумладан қотиллик ва одам ўғирлаш учун жазога ҳукм қилинган.

Бош прокуратура жазони ўз мамлакатида ўташ имконияти гуманитар аҳамиятга эга эканини билдирди: бу маҳкумларга оиласи билан алоқани сақлаб қолиш ва жамиятга қайтишга тайёргарлик кўриш имконини беради.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, Қирғизистон Россия Федерацияси расмийлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида яқин вақт ичида Россияда республика Бош прокуратурасининг ваколатхонасини очишни режалаштирмоқда. Муассаса ватандошларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади, бунда озодликдан маҳрум қилиш жойларидаги фуқароларга, хусусан, жазони ўташ учун уйга қайтишига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратади.

Умуман олганда, Марказий Осиё давлати назорат органи маълумотларига кўра, сўнгги йилларда ватанига топширилган маҳбуслар сони ортиб бормоқда. Чунончи, 2022 йилда Россия 66 нафар, 2023 йилда — 79, 2024 йилда — 128, ўтган йили эса 237 нафар маҳкумни қайтарган.

Шу билан бирга, айни пайтда Россия қамоқхоналарида 1100 дан ортиқ Қирғизистон фуқароси жазо ўтаётгани таъкидланмоқда.

Чет элликларни Россиядан ўз фуқаролиги бўлган давлатларга этап қилиш жараёнининг долзарблиги россиялик амалдорлар маҳбусларни армияга ёллаш бўйича фаол кампания олиб бораётгани билан изоҳланади. Украинадаги урушда қатнашаётган қуролли кучлар сафини тўлдиргани учун маҳбусларга жиноий жавобгарликдан озод этиш, судланганликни олиб ташлаш ва РФ фуқаролигини соддалаштирилган тартибда бериш ваъда қилинмоқда.

Жорий йилнинг октябрь ойида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Россиядаги ватандошларни Украина билан урушда қатнашишга мажбурлаш фактлари борлигини тан олди. Бундай хавфга кўпинча қонун билан муаммоси бор муҳожирлар дучор бўлаётгани аниқлаштирилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ