Қозоғистонлик журналист Борейкодан таваллуд кунида қурувчи ширкат фойдасига 97 минг доллар ундирилди

Вадим Борейко Facebook’дан олинган сурат

Олмаотанинг Бўстондиқ туман суди Etude-Ybyrai қурилиш компаниясининг «Гиперборей» YouTube-канали муаллифи, журналист Вадим Борейкога нисбатан даъвосини қисман қаноатлантирди, деб хабар беради Exclusive.kz. Судья Айдар Ўтебеков журналистдан 43 миллион тенге (97 минг доллар) ундириш, «қурувчининг ишчанлик обрўсига путур етказувчи» баёнотларни ўчириш ҳамда раддия эълон қилиш тўғрисида қарор чиқарди.

Қарор ҳали қонуний кучга кирмаган. Таъкидлаш жоиз, у 13 ноябрь — Борейконинг таваллуд кунида эълон қилинди, бугун у 67 ёшга тўлди. Дастлаб суд мажлиси 12 ноябрга белгиланган эди, бироқ бир суткага қолдирилган.

Etude-Ybyrai журналистдан Олмаотанинг 12-микрорайонидаги Premier турар жой мажмуаси қурилиши ҳақидаги чиқишлари учун 71,75 миллион тенге (тахминан 160 минг доллар) ундиришни талаб қилган. Қурувчи Борейко ёлғон маълумотлар тарқатгани, компаниянинг ишчанлик обрўсига путур етказгани ва молиявий йўқотишларга сабаб бўлганини таъкидлаган. Бундан ташқари, даъвогар баҳсли материалларни ўчиришни ва бир қатор баёнотларга раддия беришни талаб қилган.

Журналистнинг ҳимояси эса Борейко қурувчи ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги низони ёритиб, касбий фаолиятини бажарганини билдирди. Адвокатларнинг сўзларига кўра, у давлат органлари вакилларининг, жумладан, қурилиш ноқонуний эканини айтган Олмаотанинг собиқ ҳокими (мэри) Ерболат Дўсаевнинг расмий баёнотларидан иқтибос келтирган.

Иқтисодий экспертиза даъвогарга етказилган зарарни тахминан 43 миллион тенге миқдорида тасдиқлади. Суд жараёнида аниқланишича, бу суммани Etude-Ybyrai компаниясига Premier ТЖМ тарғиботи билан шуғулланган Everest Development фирмаси тўлов учун тақдим этган. Мазкур фирма Борейконинг чиқишлари сабабли шартномавий жарима тўланишини талаб қилган. Аммо журналист ҳимоячилари бу харажатларни Борейко ҳисобидан ундириш асосли эканига шубҳа билдирган.

10 ноябрдаги мажлисда суд музокараларга ўтган. Борейконинг адвокатлари даъвони тўлиқ рад этишни сўраган, компаниялар вакиллари эса зарарни ундиришни талаб қилишда қатъий турган. Қарор эълон қилиниши арафасида журналист ахборот хуружи нишонига ҳам айланган. Telegram тармоғида Борейконинг сохта некрологи тарқатилиб, гўёки бўлиб ўтадиган дафн маросими манзили сифатида унинг уй манзили кўрсатилган.

Ушбу тадбир 13 ноябрга — журналистнинг таваллуд кунига белгиланган . Суд мажлиси арафасидаги тунда Борейконинг ҳамкасбларига номаълум рақамлардан ўзини унинг рафиқаси деб таништирган ва худди шу хабарни айтган номаълум шахслар қўнғироқ қилган.

Некролог тарқатилиши ва қўнғироқлар ортида ким тургани ҳамда уларнинг суд ишига алоқадорлиги ҳозирча номаълум.