Остонада банкни ўғирлаш пайтида одамларни гаровга олган шахс етти ярим йилга қамалди

Kaztag сайти фотосурати

Жиноят ишлари бўйича Остона туманлараро суди жорий йилнинг 18 июнь куни Остона шаҳридаги Kaspi Bank филиалларидан бирида одамларни гаровга олган Алихон Муродовга нисбатан ҳукм чиқарди. У етти ярим йилга озодликдан маҳрум этилди, деб ёзади Zakon.kz.

Муродов ишини кўриб чиқиш 29 август куни бошланган. Судланувчи бир кун аввал одамларни гаровга олишни режалаштирганини, бироқ банкда одамлар кўп бўлгани учун бу фикридан қайтгаганини айтди. У барча жабрланганлардан кечирим сўради.

Суд Муродовни республика Жиноят кодексининг 261-модда 2-қисми 8, 9-бандлари («Ёмон ниятда ёки ёллаш орқали икки ёки ундан ортиқ шахсни гаровга олиш») билан айбдор деб топди.

ℹ️ ИИВ маълумотларига кўра, 18 июнь куни соат 13:51 да Муродов банк филиалига бостириб кириб, тўппонча билан қўрқитган ҳолда етти кишини гаровга олган. Воқеа жойига полиция, шаҳар ҳокимияти ва прокуратура ходимлари етиб келган. Музокараларни республика Ички ишлар вазири Марат Аҳметжанов олиб борган. Унинг сўзларига кўра, эркак турли талабларни илгари сурган, жумладан яқинларига ёрдам кўрсатишларини гапирган. Махсус операция натижасида гаровдагиларнинг барчаси озод қилинган, Муродов эса қўлга олиниб, тергов изоляторига жўнатилган.