Masdar компанияси Қашқадарёда қуёш электр станциясини қуриш бўйича тендерда ғолиб чиқди

russianemirates.com сайти фотосурати

БААнинг Masdar компанияси Ўзбекистонда фотоэлектр станциясини қуриш бўйича навбатдаги тендерда ғолиб чиқди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қуввати 300 МВт бўлган Қуёш электр станцияси қурилади. Masdar, шунингдек бир соат давомида 75 МВт қувват берадиган энергия сақлаш тизимини (аккумулятор) ўрнатади.

ℹ️ Энергияни сақлаш тизимлари барқарор бўлмаган қайта тикланадиган энергия манбаларининг ягона тармоққа таъсирини олдини олади. Уларнинг ёрдами билан ишлаб чиқариш даврида ортиқча электр энергиясини тўплаш ва кам ишлаб чиқариш даврида тўпланган энергиядан фойдаланиш мумкин.

Лойиҳа учун яна бир компания – Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси ариза берган.

Masdar томонидан ишлаб чиқарилган 1 кВт/соат электр энергияси учун 3 сент ва аккумулятор тизимининг мавжудлиги учун 1 МВт/соат учун 6,33 доллар таклиф қилган. ACWA Power мос равишда 3,05 сент ва 24 425 доллар таклиф этган.

Masdar лойиҳанинг умумий қийматини 249 миллион долларга, ACWA Power 326 миллион долларга баҳолаган.

Натижада, Masdar тендернинг дастлабки ғолиби деб эълон қилинган, ACWA Power – захирада.

Тендер ҳужжатлари яқин кунларда кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Инвестор 25 йил давомида қуёш фотоэлектр станциясини лойиҳалаштиради, молиялаштиради ва бошқаради.

ℹ️ Masdar Ўзбекистондаги биринчи қуёш электр станциясини барпо этган компания ҳисобланади. Станция Навоий вилояти Кармана туманида қурилган ва 2021 йил 27 августда ишга туширилган. Унинг қуввати 100 МВт.

2023 йил охирига қадар Masdar Ўзбекистонда яна учта ФЭСни ишга туширади: Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қуввати 456,6 МВт бўлган электр станцияси, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ҳар бири 220 МВт қувватга эга иккита станция қурилади. Компания 2025 йилгача Бухоро вилоятида қуввати 250 МВт бўлган Қуёш электр станциясини ишга туширишни режалаштирмоқда.

Жорий йил 22 май куни Masdar Ўзбекистон билан умумий қуввати 2 ГВт дан ортиқ бўлган қуёш ва шамол электр станциялари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, республиканинг бир қанча объектларида 500 мегаватт-соат қувватга эга аккумуляторларни ўрнатиш бўйича шартнома имзолади.