Туркманистонда зилзила юз берганда одамларни вақтинчалик жойлаштириш учун лагерлар барпо этилади

Туркманободдаги карантин лагери, 2020 йил, сентябрь. «Хроника Туркменистана» сайти фотосурати

Туркманистон ҳукумати мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида зилзилалар ва бошқа табиий ёки техноген офатлар юз берганда маҳаллий аҳолини жойлаштириш учун лагерлар ташкил этишга қарор қилди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри хабар беради.

Ҳар бир вилоятда вақтинчалик яшаш зоналари учун маъмурий марказдан 8-10 километр масофада 20 гектар майдон ажратиш режалаштирилган. У ерда чодирлар ва сув идишлари ўрнатилади, ҳажми 15 кунга етадиган озиқ-овқат, шунингдек, дори-дармонлар, бинтлар, гигиена воситалари ва энг зарур товарларни сақлаш учун омборлар яратилади.

Вилоятларда жойлашган ҳарбий қисмлар ушбу ҳудудларни жиҳозлаш учун чодирлар, кўрпа-тўшаклар ажратишлари керак. Полицияга банклар, давлатга қарашли дўконлар ва озиқ-овқат омборлари, шунингдек, завод ва фабрикалар омборларидаги сигнализация воситаларининг ишлашини текшириш топширилган — табиий офат содир бўлган тақдирда ур-сур, талончилик ишлари содир этилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган одамларни жойлаштириш учун лагерлар очиш тўғрисида қарор ҳукумат томонидан ҳокимият органлари, корхоналар, шифохоналар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа хизмат ва бўлимлар раҳбарларининг навбатдан ташқари йиғилишида хабар қилинади.

Вақтинчалик турар жой зоналарининг яратилишига сўнгги пайтларда Марказий Осиё мамлакатларида, жумладан Туркманистонда содир бўлган бир неча сезиларли зилзилалар сабаб бўлган. Февраль ойи бошида Туркия бошдан кечирган табиий офат қўрқувни янада кучайтирди: маълумки, ҳалокатли зилзила бир неча ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди ва мамлакатга 80 миллиард доллар зарар етказди.