Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 14 фоизгача пасайтирди

kursiv.media сайти фотосурати

Марказий банк бошқаруви 2023 йил 16 мартдаги йиғилишда асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражада белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати хабар берди.

Асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши ўтган йил март ойида хатарлар учун фоиз ставканинг ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини беради. Бунда, йиллик 14 фоиз даражасидаги асосий ставка инфляция прогнозининг пасаювчи динамикасида (8,5-9,5 фоиз) нисбатан қатъий пул-кредит шароитлар сақланиб қолинишини таъминлайди.

ℹ️ 14% ставка 2020 йил 11 сентябрдан 2022 йил 17 мартгача амалда эди, ўшанда Марказий банк «ташқи иқтисодий шароитдаги юқори ноаниқлик ва кескинлик фонида» уни дарҳол уч фоизга — йиллик 17 фоизга оширган эди. Гап Ғарб давлатлари Россия Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция ўтказганини эълон қилганидан сўнг унга нисбатан жорий қилган санкцияларнинг таъсири ҳақида эди.

«Асосий савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларда кузатилаётган иқтисодий вазият, уларнинг валюта курсларининг кескин ўзгариши, жаҳон товар ва энергетика бозорларидаги нархларнинг ошиши макроиқтисодий ноаниқлик ва хатарларни кучайтирмоқда», — дея таъкидлаган ўшанда Ўзбекистон Марказий банки.

Аммо 2022 йил июнь ойида ставка 16 фоизга, июль ойида эса 15 фоизга туширилди.

ℹ️ Энг паст кўрсаткич 2015 йил январидан 2017 йил майигача амал қилган – 9%, энг юқори кўрсаткич – 1995 йили (300%) бзлганди, деб эслатади Spot.

Айни пайтда, Марказий банк маълумотларига кўра, баъзи рисклар ва ташқи иқтисодий шароитларда ноаниқлик сақланиб қолмоқда. Февраль ойида глобал инфляция, асосан, энергия ва озиқ-овқат нархларининг пасайиши туфайли секинлашишда давом этди.

«Халқаро молия бозорларидаги қатъий шароитлар ва айрим савдо ҳамкорлардаги валюта курсларининг қадрсизланиши, бир томондан, ички иқтисодий фаолликни қўллаб қувватлашда ташқи ресурсларни қайта жалб қилишни қийинлаштираётган бўлса, иккинчи томондан, валюта оқимларидаги номутаносибликларни кенгайтириб бормоқда», — дейилади МБ хабарида.

Қисқа муддатли хабарлар ички иқтисодий шароитга таъсир кўрсатган: январь ойи охирида чакана савдо, саноат ишлаб чиқариши ва қурилиш ишларида пасайиш кузатилган. Хизмат кўрсатиш соҳасида ўсиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан секинлашган, бироқ бошқа тармоқларга нисбатан юқорилигича қолган, деб таъкидлайди Марказий банк.