Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари давлат чегараси ва баҳсли сув омборига оид қонунларни имзоладилар

Сув омбори атрофидаги тахминий чегара чизиғи. Kloop.kg фотосурати

Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишга оид қонунларни имзоладилар. Садир Жапаров ҳужжатларни 29 ноябрь куни, Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасидаги давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома 13 та моддадан иборат. Унда ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг 35 та участкадаги умумий узунлиги 302,29 км бўлган чизиғи белгиланди.

Ўзбекистонга 4957 гектардаги Андижон сув омбори ҳудуди ҳамда тўғонга хизмат кўрсатиш ва уни муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектар ер майдони ўтказилади, Қирғизистонга эса компенсация тарзида 1019 гектар яйлов ерлари берилади.

Шунингдек, Қирғизистонга Андижон сув омборининг қурилмай қолган Кампиробод чап қирғоқ канали учун “Ғовасой” участкасидан 12 849 гектар ер майдони компенсация тарзида берилади. Бунда, Қирғизистон томони “Ғовасой” дарёсининг табиий оқимига тўсқинлик қиладиган гидротехник ва бошқа иншоотларни қурмаслик, сувнинг техник ифлосланишига йўл қўймаслик мажбуриятини олади.

Андижон сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш масалаласи ва Сўх туманидаги «Чашма» булоғи жойлашган участка алоҳида шартномалар билан тартибга солиниши келишиб олинди.

Ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг айрим участкаларида демаркация ишлари тўла тугалланмагунча Давлат чегарасини назорат қилиш ва қўриқлаш ердан ҳақиқий фойдаланиш чегалари бўйлаб амалга оширилади.

Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим 11 та моддадан иборат. Унда Андижон сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича Қўшма комиссия (Ўзбекистондан – сув хўжалиги вазири) тузилди ва унинг фаолияти тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Шартномада сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битим тарафларининг ўзаро мажбуриятлари акс эттирилган:

👉 Ўзбек томони сув омборидаги сув сатҳини 900 горизонталдан юқори бўлмаган сатҳда ушлаб туриш, Қирғизистон фуқароларининг сув омбори сувига эркин кириши ва ундан фойдаланишини (ҳайвонларга сув бериш, суғориш, балиқ овлаш) таъминлаш, атрофида муҳандислик-техник иншоотларни ўрнатмаслик мажбуриятларини олган. Қирғизистон томони сувни муҳофаза қилиш зоналари ўрнатилиши, ундан фойдаланиш режимига риоя этилишини таъминлаш мажбуриятларини олган. Андижон сув омборининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар келишиб олинди. Унга кўра, Ўзбекистон томони сув омборининг хавфсизлигини таъминлайди, эксплуатация қилади, техник хизмат кўрсатади, Қирғизистон томони билан келишилган лимитлар доирасида сув чиқаради

👉 Қирғизистон томони сувни муҳофаза қилиш зоналари ташкил этилиши ва сувдан фойдаланиш режимига риоя этилишини таъминлаш мажбуриятини олди.

Эслатиб ўтамиз, Андижон/Кампиробод сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги келишувга нисбатан Қирғизистон аҳолисининг бир қисми салбий муносабат билдирганди. Сув омбори ҳудудини Ўзбекистонга бериш қароридан норози бўлган қирғиз фаоллари ва сиёсатчилари «Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитаси»ни туздилар. Шундан сўнг кўплаб қўмита аъзоларининг уйлари тинтув қилинди, 20 дан ортиқ киши ҳибсга олинди, уларнинг аксарияти икки ойга ҳибсга олинган ҳолда тергов изоляторига жўнатилди. Кейинроқ қўмита аъзолари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга сув омбори бўйича шартнома имзолашни кечиктириш борасида мурожаат қилишди.