Туркия холдинги Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасида 15 минг ишчи ўрни яратишга қарор қилди

АҲМЕТ БИЛГЕ ГЎКСАН. ИТСВ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Туркиянинг Akcha Xolding компанияси Наманган вилоятидаги тўқимачилик корхонасига сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) матбуот хизмати вазирлик раҳбари Жамшид Хўжаевнинг холдинг директорлар кенгаши аъзоси Аҳмет Билге Гўксан билан учрашувидан сўнг хабар берди.

Учрашувда тўқимачилик саноати, қайта тикланувчи энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришни ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

ИТСВ маълумотларига кўра, Туркия делегацияси «Ўзбекистонда инвесторларнинг қулай фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолаган» ва 250 миллион долларлик ип-калава маҳсулотлари, терри сочиқ, трикотаж, зиғир, бўялган матолар, уй тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этишни таклиф қилган. Маҳсулотларни АҚШ, Европа, Бразилия, Канада ва бошқа мамлакатлар бозорларига етказиб бериш режалаштирилган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, 12-15 мингта янги иш ўрни яратилади.

Ўзбекистон томони Akcha Xoldingга лойиҳанинг барча босқичларида ҳар томонлама ёрдам беришга ваъда берди, дейилади хабарда.

Ўзбекистон ҳуккмати сўнгги йилларда пахта хомашёсини сотишдан эмас, ундан тайёрланган қўшимча қийматли маҳсулотларни экспорт қилишдан даромад олишга интилмоқда. Пахтачиликда кластер тизими жорий этилди, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган 350 га яқин йирик фабрикалар ишга туширилди. Сўнгги уч йилда соҳани қўллаб-қувватлашга 23 триллион сўмдан ортиқ (2 миллиард доллардан ортиқ) маблағ йўналтирилди, кластерларнинг ўзлари қарийб 7 триллион сўм (636 миллион доллардан ортиқ) хусусий инвестиция киритди.

Президент Шавкат Мирзиёев июнь ойида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга камида 50 та хорижий брендни жалб этиш ва йил охиригача соҳада камида 50 миллион долларлик буюртма йиғишни талаб қилганди. Уюшма раиси Илҳом Ҳайдаров Россияда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари сотиладиган ўнлаб мультибрендли дўконлар ташкил этиш режасини маълум қилди.