Афғонистондаги масжидда содир этилган теракт қурбонлари сони эълон қилинди

Содиқ Акбар масжидадги портлаш қурбонлари дафн маросими. TOLOnews сайти фотосурати

Кобулдаги Содиқ Акбар масжидида юз берган портлашда 21 киши ҳалок бўлган, 33 киши яраланган. Бундай маълумотлар Афғонистон пойтахти хавфсизлик бошқармасида маълум қилинди, деб хабар беради TOLOnews.

Портлаш 17 август куни кечқурун намоз вақтида содир бўлган.

Кобулнинг айрим одамлари ҳужум қурбонлари сони хавфсизлик идоралари айтганидан ҳам кўп эканини даъво қилишмоқда. Қайд этилишича, портлашда масжид имоми Амир Муҳаммад Кобулий (Amir Mohammad Kabuli) ҳалок бўлган.

«100 дан ортиқ [ўлган ва яраланганлар] бор эди. Масжид имом-хатиби ва бошқа кўплаб одамлар, шунингдек, болалар шаҳид бўлди», — дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистонда фаолият юритаётган террорчи гуруҳларнинг ҳеч бири ҳозирча Кобул масжидига қилинган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Ўтган ёзда Афғонистонда «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг, вақти-вақти билан масжид ва мадрасаларга террорчилик ҳужумлари содир этилмоқда. 25 май куни Кобулдаги Ҳазрати Закария масжидида портлаш содир бўлди. Турли манбаларга кўра, 5 кишигача ҳалок бўлган.

13 май куни Кобулдаги яна бир масжид – Аюб Собирда портлаш содир бўлди. Натижада 7 киши ҳалок бўлди, 17 киши жароҳат олди.

22 апрель куни шимолий Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб туманидаги суннийлар масжидида жума намози вақтида теракт содир этилди. Портлаш 33 кишининг ҳаётига зомин бўлган, 43 киши жароҳат олган.

21 апрель куни террорчилар Мозори Шарифдаги шиалар масжидига ҳужум қилдилар. Маҳаллий манбалар 30 дан ортиқ инсон ҳалок бўлгани ва 90 га яқин киши яралангани ҳақида хабар берган бўлса, «Толибон» расмийлари қурбонлар сони камлигини маълум қилганди.

9 апрель куни Кобулдаги сўфийлар қароргоҳида юз берган портлашда камида 20 киши ҳалок бўлган ва яраланган.

Одатда Афғонистондаги масжидларга уюштирилган ҳужумлар учун жавобгарликни «ИШИД-Хуросон»* террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олади, гарчи толиблар ушбу гуруҳга барҳам беришганини даъво қилсалар ҳам.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).