Қирғизистон собиқ президентларининг уйлари ногирон болалар учун реабилитация марказларига айлантирилади

Қирғизистон Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон собиқ президентларининг уйлари ногирон болалар учун кечаю-кундуз ишлайдиган реабилитация марказларига айлантирилади, деб хабар беради республика Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги матбуот хизмати.

Гап муқаддам Қурманбек Бакиевга тегишли бўлган Бишкекнинг Жибек Жолу проспектидаги иккита уй ва Алмазбек Атамбаевнинг Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғидаги саройи ҳақида бормоқда. Бинолар давлат мулкига ўтказилди.

Меҳнат вазирлиги Қирғизистонда 200 мингга яқин ногирон инсонлар борлигини, улардан 35 минг нафари 18 ёшгача бўлган болалар эканини таъкидлайди. Мамлакатда уларнинг реабилитация хизматларини тўлиқ таъминлашда муаммолар мавжуд.

24 соатлик марказларда «асаб тизими, таянч-ҳаракат тизими ёки сезги аъзоларининг ногиронлиги бўлган, руҳий ва хулқ-атворида нуқсони бўлган ногирон болалар даволаниши мумкин. Ёш беморларнинг жисмоний ва руҳий саломатлиги тикланади», — дея изоҳ берди вазирлик матбуот хизмати.

Қурилиш ишлари аллақачон бошланган.

Қирғизистоннинг иккинчи президенти Қурманбек Бакиев 2005 йили Асқар Акаевни ҳокимиятдан ағдарган «лола инқилоби» тўлқини ортидан ҳокимиятга келган. 2009 йили Бакиев яна президент этиб сайланган, бироқ 2010 йил апрелида у ҳокимиятдан ағдарилган ва мамлакатни тарк этиб, Беларусдан бошпана топган. Унинг Жибек Жолу проспектидаги мулки миллийлаштирилган, дея эслатади Kaktus.media, унда ногиронлар яшаган. 2019 йили Давлат мулкини бошқариш жамғармаси уни Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазирлигига ўтказади.

Алмазбек Атамбоев 2011 йил декабридан 2017 йил ноябригача Қирғизистон президенти бўлган. Унинг вориси Сооронбай Жеенбеков билан муносабатлари ёмонлашганидан кейин у мухолифатга ўтган. 2019 йили Атамбаевнинг дахлсизлиги олиб ташланади ва тез орада унга бир қатор жиноий ишлар бўйича айблов эълон қилинади. 2020 йилнинг июнь ойида Атамбаев криминал олами «қироли» Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши ишида коррупцияда айбдор деб топилиб, 11 йилу икки ойга қамалган эди.

Атамбоев президентликдан кетганидан кейин ва ҳибсга олинишидан олдин яшаган Қўй-Тошдаги уй соғлиқни сақлаш маркази сифатида ҳужжатлаштирилган. Суд қарори билан у давлат фойдасига мусодара қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ