«Ўзбекфильм»га кино ишлаб чиқаришда сунъий интеллектни фаол жорий этиш топширилди

oblakouz.uz сайтидан олинган сурат

«Ўзбекфильм» миллий кинокомпаниясига картиналар ишлаб чиқаришда сунъий интеллектни (СИ) кенг жорий этиш топширилди. Шу муносабат билан ташкилот Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2028 йилгача СИ моделлари учун мамлакат тарихи, маданияти ва визуал мероси бўйича маълумотлар базасини тўплайди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг киноиндустрия соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисидаги фармонида назарда тутилган, деб хабар беради Spot.uz.

Маълумотлар базасини яратиш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида «Ўзбекфильм» қошида махсус лаборатория — O’zbekfilm AI Lab ташкил этилади. Бу ерда бошқа йўналишлар қаторида СИ бўйича мутахассислар ҳам тайёрланади. Рақамли технологиялар вазирлиги зиммасига эса энг иқтидорли ёшларни ҳар йили хорижга малака оширишга юбориш вазифаси юкланди.

Бундан ташқари, ҳужжатда қайд этилишича, President AI Award танловида ҳамда Тошкент халқаро кинофестивали дастурида сунъий интеллект технологиялари ёрдамида яратилган фильмлар учун алоҳида номинациялар жорий қилинади.

Президент фармонида соҳадаги бошқа ислоҳотлар ҳам ўрин олган. Хусусан, 2028 йил 1 январга қадар «Ўзбекфильм» киноасарларнинг миллий онлайн-платформасини ишга тушириши лозим. Ушбу сайтга давлат маблағлари ҳисобидан яратилган барча фильмлар ва архивларда сақланаётган кинематография мероси объектлари мажбурий тартибда жойлаштирилади. Хусусий киностудиялар ва мустақил режиссёрларнинг ленталари ҳам фақат алоҳида шартномалар асосида мазкур веб-ресурсда тақдим этилиши мумкин.

2028 йил бошидан мамлакатда Ягона киночипталар ахборот тизими фаолият юрита бошлайди. Унга барча кинотеатрлар ва фильмлар намойишини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар уланади. Шу тариқа, ҳар бир сеанс, сотилган чипталар сони ва касса тушумлари бўйича маълумотлар реал вақт режимида автоматлаштирилган тарзда алмашиниши таъминланади.

Шу билан бирга, тегишли идоралар ва компанияларга Ўзбекистон кино соҳаси вакиллари палатасини ташкил этиш топширилди. Тошкентда болалар киноижодиёти мактаби ва платформасини очиш режалаштирилмоқда, республика Фанлар академиясининг Санъатшунослик институти ҳамда бир гуруҳ тажрибали киноижодкорлар иштирокида эса киношунослар клуби ташкил этилади.

Президент фармонида келтирилишича, айрим фильмларга «Умуммиллий кинолойиҳалар» мақоми берила бошлайди. Хусусан, гап алоҳида аҳамиятга эга, миллий юксалиш ғоясига бағишланган ҳамда Ўзбекистоннинг бой тарихи ва замонавий ютуқларини жаҳон экранларида намоён этишга қаратилган картиналар ҳақида бормоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ