Тожикистоннинг янги авиакомпанияси Душанбе ва ТБМВ ўртасида мунтазам парвозларни йўлга қўйди

L-410 NG самолёти avioaero.com сайтидан олинган сурат

Тожикистоннинг Shohin Airlines авиакомпанияси Душанбе ва Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг (ТБМВ) маъмурий маркази бўлмиш Хоруғ ўртасида мунтазам йўловчи парвозларини йўлга қўйди. Биринчи рейс 23 ноябрь куни амалга оширилди, деб хабар беради «Азия-Плюс».

Барқарор авиақатновларнинг қайта тикланиши Тожикистоннинг бориш қийин бўлган ҳудудларидан бири бўлган ТБМВ учун алоҳида аҳамият касб этади. Вилоят ҳудудининг катта қисмини Помир баланд тоғлари эгаллаган. Мамлакатнинг қолган қисми билан темирйўл алоқаси мавжуд эмас, Душанбедан Хоруғга олиб борувчи автомобиль йўли эса тоғ довонлари ва даралари орқали ўтади. Йўл 12–15 соат вақт олади, қор ёғиши, қор кўчкилари, тош тушиши ва селлар эса вақти-вақти билан йўлнинг ёпилишига ва ҳудуд аҳоли пунктларининг республиканинг қолган қисмидан узилиб қолишига сабаб бўлади.

Парвозлар Чехияда ишлаб чиқарилган ва «Бадахшон» номини олган 19 ўринли L-410 NG самолётида амалга оширилмоқда. Парвоз давомийлиги 55 дақиқани ташкил этади.

Бир томонга чипта нархи 1000 сомонини (тахминан 108 доллар) ташкил этади. Навбатдаги рейслар 25 ва 26 ноябрь кунларига мўлжалланган, бироқ уларнинг амалга оширилиши об-ҳаво шароитига боғлиқ бўлади. Таққослаш учун: 2024 йилнинг октябрь ойида «Таджик Эйр» авиакомпанияси Душанбе ва Хоруғ ўртасида 17 ўринли Ан-28 самолётида парвозларни қайта йўлга қўйган пайтда чипта нархи 900 сомони, йўл вақти эса 1 соат 10 дақиқа бўлган эди.

Келгусида Shohin Airlines республика пойтахти ҳамда Хўжанд, Бохтар ва Кўлоб шаҳарлари ўртасида ҳам мунтазам авиақатновни йўлга қўйиш ниятида.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон айнан янги L-410 NG бортида 27 сентябрь куни Хоруғга амалий ташриф билан келган эди. Сафар давомида давлат раҳбарига ТБМВда умумий узунлиги 358 километр бўлган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича олтита лойиҳа тақдим этилди.

Қайд этиш жоиз, Тоғли Бадахшоннинг транспорт жиҳатидан узилиб қолганлиги нафақат вилоятнинг иқтисодий ривожланишига, балки унинг сайёҳлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳам тўсқинлик қилади. Помир хорижий сайёҳларни альпинизм, тоғ ва экологик туризм имкониятлари билан жалб этади. Бироқ мураккаб логистика сайёҳлар оқимини чеклайди, транспорт қатновидаги узилишлар эса аҳолини озиқ-овқат, ёқилғи ва бошқа товарлар билан таъминлашни қийинлаштиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ