ОАВ: Украинадаги урушда 2191 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлди, 228 нафари республика фуқароси бўлган

vm.ru сайтидан олинган сурат

2022 йилнинг февралидан 2026 йилнинг августига қадар Украинадаги урушда Қирғизистонда туғилган 2191 киши ҳалок бўлди, уларнинг 228 нафари Марказий Осиё республикаси фуқароси бўлган. Мазкур маълумотлар беларуслик хакерлар томонидан бузиб кирилиб, мустақил ОАВга тақдим этилган Росстат маълумотлар базасидан олинган, деб ёзади «Клооп» нашри.

Журналистлар ўтказган таҳлил қурбонларнинг катта қисми Бишкек ва Чуй вилоятидан бўлганини, энг кам қурбонлар эса Норин вилояти ҳиссасига тўғри келганини кўрсатди. Шу билан бирга, 252 кишининг туғилган жойи сифатида ҳеч қандай аниқликсиз шунчаки Қирғизистон кўрсатилган.

Росстатнинг мотам рўйхатига киритилган республикадан чиққанларнинг деярли барчаси эркаклардир — 99,4%. Уларнинг энг ёши 18 да, энг каттаси эса 83 ёшда бўлган. Қурбонларнинг ярмига яқини 35 ёшдан 49 ёшгача бўлган шахслар ҳисобланади.

Статистикада қайд этилганларнинг асосий қисми Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудудида ҳалок бўлган: бу икки минтақага 1,5 мингдан ортиқ қурбон тўғри келади. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатида туғилган 116 киши бевосита Россия ҳудудида — Украина билан чегарадош Курск ва Белгород вилоятларида ҳаётдан кўз юмган.

Ушбу маълумотларга кўра, ўлим ҳолатларининг 65 фоизи жанговар ҳаракатлар оқибатида олинган портлаш жароҳатлари туфайли юз берган. Яна 153 киши ўқотар қурол ва бошқа ҳарбий жароҳатлардан вафот этган. Рўйхатдагиларнинг 25 фоизида ўлим сабаби аниқланмаган.

Журналистлар уруш йиллари бўйича қурбонлар сони динамикасини ҳам ҳисоблаб чиқдилар. Жумладан, 2022 йилда Қирғизистонда туғилганлар орасидаги ўлим сони энг кам — 19 тани ташкил этган. 2023 йилда — 175, 2024 йилда — 691, ўтган йили — 1100 ва жорий йилнинг январь-август ойларида 206 та ҳолат қайд этилган.

Бундан кўринадики, 2025 йил энг қонли давр бўлган, ўшанда нашр таҳририяти ҳисоб-китобларига кўра, республикада туғилган ҳар бир киши ўртача ҳар саккиз соатда ҳалок бўлган.

Уруш воқеалари таққосланса, қирғизистонликларнинг аксарияти Угледар, Часов Яр, Торецк, Покровск ва Купянск учун бўлган жангларда ҳалок бўлгани ойдинлашади.

Қайд этилишича, 2026 йил бўйича статистика тўлиқ эмас, чунки ўлим ҳолатларини рўйхатга олиш фронтдаги воқеалардан ҳафталар ва ойлар ортда қолмоқда, қурбонларнинг бир қисми эса фақат суд қарори билан вафот этган деб топилади. Шундай экан, ҳақиқий қурбонлар сони анча юқори, дея таъкидлайди «Клооп».

Қирғизистон ОАВнинг қўшимча қилишича, бундай маълумотлар очиқ тармоққа фақат хакерлар туфайли сиздирилган. Росстат 2024 йилдан бери РФдаги ўлим кўрсаткичларини яшириб келмоқда, ўтган йилнинг ёзидан эса идора демографик статистикани чоп этишни бутунлай тўхтатган.

Жорий йилнинг октябрь ойида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Россияда бўлиб турган ватандошларни Украинага қарши урушга мажбуран жалб қилиш ҳолатлари мавжудлигини тан олди. Кўпинча қонун билан муаммоси бўлган муҳожирлар бундай хавфга дучор бўлаётгани маълум бўлганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ