Россия сўровига кўра Остонада ҳибсга олинган украиналик аёл Қозоғистонни тарк этди

Любовь Рожанская. bureau.kz сайти фотосурати

Россия сўровига кўра Остонада ҳибсга олинган Украина фуқароси Любовь Рожанская Қозоғистонни тарк этди ва ҳозирда Европа Иттифоқи мамлакатларидан бирида бўлиб турибди. Бу ҳақда унинг адвокати Алексей Прянишников 8 октябрь куни Deutsche Welle нашрига маълум қилди.

Рожанская 1 октябрь куни Остонада Россия ҳукумати сўровига асосан ҳибсга олинган. Россия томони уни болани ўғирлашда гумон қилмоқда.

Ҳибсга олинганидан кейин уч кун ўтгач, Қозоғистон суди унга нисбатан эҳтиёт чорасини белгилаши керак эди. Бироқ, бу амалга ошмаган. Натижада аёл тергов ҳибсхонасидан озод қилинган ва шундан сўнг мамлакатни тарк этган, деб маълум қилади адвокат.

Рожанскаяни озод қилиш учун Украина ҳукумати, жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги ва Олий Раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец ҳаракат қилган.

Шу билан бирга, Россиянинг Рожанскаяни экстрадиция қилиш тўғрисидаги, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) орқали юборилган сўрови қайтариб олинмаган.

Нашр маълумотларига кўра, Рожанская 2026 йил 1 октябрь куни неварасини Украинага қайтариш учун Остонага учиб келган. Болани 2021 йилда онаси Россияга олиб кетган эди.

Боланинг онаси, Украина фуқароси Алла Сончик (иккинчи никоҳидан сўнг — Андреева) 2018 йилда туғилган ўғли ва қайнонаси Любовь Рожанская билан Одессада яшаган. 2020 йилда боланинг отаси билан ажрашганидан кейин Сончик россиялик денгизчи Виталий Андреевга турмушга чиққан. 2021 йилда у ўғли билан янги турмуш ўртоғининг оиласини кўриш учун Калининград вилоятига борган ва ўша ерда қолган.

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан кейин Андреева ўзи ва ўғли учун Россия фуқаролигини олган. Айни пайтда, Украинадаги суд жараёнлари натижасида боланинг яшаш жойи унинг отаси истиқомат қиладиган Одесса шаҳри этиб белгиланган. Украинанинг NV.ua нашри маълумотларига кўра, боланинг отаси Украина Мудофаа кучларида хизмат қилади.

Боланинг украиналик қариндошлари бир неча йил давомида онаси билан келишиб, уни Украинага қайтаришга ҳаракат қилган.

2023 йилда Рожанская томонидан неварасини олиб келишга ваколат берилган икки нафар украиналик Калининград вилоятига борган. 2025 йил октябрь ойида улар Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, жосуслик ва одам ўғирлашга суиқасд қилишда айбланиб, қаттиқ режимли колонияга 15 ва 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Россия суди, шунингдек, Рожанскаяни тахмин қилинаётган одам ўғирлаш жиноятининг ташкилотчиси деб сиртдан эътироф этган.

2026 йил ёзида болани топшириш бўйича музокаралар қайта бошланган. Адвокатнинг сўзларига кўра, боланинг Россиядаги қариндошлари уни отасига беришга ва тегишли келишувни Қозоғистонда расмийлаштиришга рози бўлишган.

Прянишниковнинг фикрича, музокаралар Рожанскаяни ҳибсга олиш учун баҳона сифатида ишлатилган бўлиши мумкин. Унинг айтишича, Россия томони учрашув айнан Қозоғистонда ўтказилишини талаб қилган. Рожанскаянинг келиш санаси келишилган вақт эса Калининграддаги суд уни сиртдан ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган даврга тўғри келган. Шундан сўнг уни қидириш тўғрисидаги ҳужжатлар КХШТ орқали Қозоғистонга юборилган.

Прянишников Рожанская ишида Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ сиёсий омиллар бор, деб ҳисоблайди ва унинг Оcтонада ҳибсга олинишини Россия махсус хизматларининг провокацияси сифатида баҳолайди.

«Россиянинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти шуни кўрсатадики, тўғридан-тўғри юқори авлод қариндошларига нисбатан бундай [болани ўғирлаш] ишлари қўзғатилмайди», — дейди адвокат.

Сўнгги ойларда Қозоғистон Россияга экстрадиция қилиш билан боғлиқ бир қатор шов-шувли ишлар марказида қолди. Яқинда ўнлаб мамлакатлардан 150 нафардан ортиқ ҳуқуқ ҳимоячиси ва фаол Остонадан чеченистонлик фаол Мансур Мовлаев ва Алексей Навальний штаби собиқ ходими Юлия Емельяновани Москвага топширмасликни талаб қилди.

Уларнинг ҳар иккиси ҳам Олмаотада экстрадиция мақсадида ҳибсда сақланмоқда. Сентябрь ойида Мовлаев тергов ҳибсхонасида икки марта ўз жонига қасд қилишга уринган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қозоғистонни фаолларнинг шикоятлари кўриб чиқилгунига қадар уларни Россияга топширмасликка чақирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ