БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистондан Юлия Емельяновани Россияга экстрадиция қилмасликни талаб қилди

Юлия Емельянова. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси россиялик фаол Юлия Емельянова иши бўйича шошилинч чоралар қўллади ва Қозоғистондан уни Россияга экстрадиция қилмасликни талаб қилди. Бу ҳақда КазТАГ агентлигига Емельянова ҳамда чеченистонлик фаол Мансур Мовлаевнинг халқаро жараёнлардаги манфаатларини ҳимоя қилаётган юрист Вадим Дроздов маълум қилди.

Дроздовнинг сўзларига кўра, 5 октябрь куни Емельянова манфаатларини кўзлаб, Қўмитага индивидуал шикоят тақдим этилган. Шу билан бирга, юрист Қўмитадан шошилинч чоралар кўришни ҳамда шикоят кўриб чиқилгунига қадар Қозоғистондан фаолни Россияга экстрадиция қилмаслик, депортация қилмаслик ёки бошқа йўл билан топширмасликни талаб қилишни сўраган.

8 октябрь куни Қўмита ушбу илтимосни қаноатлантирган. Тасдиқловчи хатда Қозоғистонга шикоят нусхаси юборилгани ва ундан олти ой ичида шикоятнинг мақбуллиги ҳамда ишнинг моҳияти юзасидан маълумот ва мулоҳазалар тақдим этиш сўралгани қайд этилган.

Дроздовнинг тушунтиришича, Қўмита Емельянова Россияга топширилган тақдирда, унга қайта тикланмас зарар етказилиши хавфи мавжудлиги сабабли вазият шошилинч аралашувни талаб қилади, деган хулосага келган. Шу билан бирга, шошилинч чораларнинг қўлланилиши Қўмита унинг шикояти бўйича якуний қарор қабул қилганини англатмайди. Даъво қилинаётган ҳуқуқбузарликлар кейинчалик ишнинг моҳияти бўйича кўриб чиқилади.

Юрист таъкидлашича, Қўмитанинг қарори экстрадиция хавфи бутунлай бартараф этилганини англатмайди. Емельянова ва Мансур Мовлаев ҳануз Қозоғистонда ҳибсда сақланмоқда, уларни Россияга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорлар эса ўз кучида қолмоқда.

«Шунинг учун ҳозир Қозоғистоннинг БМТнинг тегишли шартномавий органлари томонидан белгиланган шошилинч чораларга амалда риоя қилиши принципиал аҳамиятга эга», — деди Дроздов.

У, шунингдек, Қозоғистон Қўмита талабларини бажармаслиги мумкинлигидан хавотир билдиради. У бунга далил сифатида «Абдуссаматов ва бошқалар Қозоғистонга қарши» ҳамда «Турсунов Қозоғистонга қарши» ишларини келтирган. Ушбу ишларда БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси сўралган шошилинч чораларга зид равишда аризачиларни бошқа давлатга топширишни мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини бузиш деб баҳолаган.

«Мансур Мовлаев иши ҳам экстрадиция хавфи сақланиб қолаётганидан далолат беради», — дея қўшимча қилади Дроздов.

Юлия Емельянова — Россия мухолифатчиси Алексей Навальнийнинг Санкт-Петербургдаги штабида собиқ ходим бўлган. 2021 йилда Россияда унга нисбатан ўғирлик тўғрисидаги модда бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов версиясига кўра, фаол гўёки Санкт-Петербургда таксичининг телефонини ўғирлаган. Емельянова айбини тан олмаган ва иш сохталаштирилганини айтган. Иш судга оширилганидан кейин фаол мамлакатни тарк этган. Россиядан кетгач, у эмигрантлар ва украиналик қочқинларга ёрдам бериш лойиҳаларида иштирок этган.

Ўтган йилнинг 31 августида у Олмаота аэропортида ушланган. Емельянова Қозоғистонга транзит орқали келган бўлиб, Грузиядан Вьетнамга учиб кетаётган бўлган. Мухолифатчи Россия томонидан давлатлараро қидирувга берилгани сабабли ҳибсга олинган. 11 февраль куни Қозоғистон уни Россияга топшириш ниятида экани ҳақида хабар берилган. Шу ойнинг ўзида Ғарбий Қозоғистон вилояти маъмурий суди россиялик фаолга сиёсий бошпана беришни рад этган. Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, май ойида у бошпана беришни рад этиш бўйича такрорий қарор олган.

Ҳозирда фаол Олмаота шаҳрида ҳибсда сақланмоқда. «Фарғона» нашри ёзишича, 24 сентябрь куни Остонадаги кассация суди ҳам Емельяновага бошпана беришни рад этган. Бу аввалги рад жавоблари устидан шикоят қилиш мумкин бўлган сўнгги суд инстанцияси эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ